Хитойда 14 ёшли ўқувчи уй шароитида самолёт двигателини ясади

Технология

image

Хитойда 14 ёшли ўсмир уй шароитида ҳақиқий авиация двигателини йиғди. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни “Oddity Central” хабар берди.

Қайд этилишича, Че Цзинган болалар боғчаси давридаёқ қоғоз самолётлар ясаш орқали авиацияга қизиқиб қолган. Вақт ўтиши билан бу қизиқиш жиддий илмий изланишларга айланган: ота-онасининг сўзларига кўра, у ҳар куни соатлаб аэродинамика ва бошқа турдош соҳалар бўйича адабиётларни мутолаа қилган.

Ҳатто бошланғич синфлардаёқ мактаб ўқувчиси математик анализ ва лойиҳалаш каби мураккаб мавзуларни ўзлаштиришни ҳамда муҳандислик дастурлари билан ишлашни бошлаган. Кейинчалик у ўз билимларини амалиётда қўллашга қарор қилган ва олдига мақсад қўйган – шахсий реактив двигателини ясаш.

Ўсмир тайёр чизмалардан нусха кўчиришдан воз кечиб, лойиҳани нолдан бошлаган: деталларни ишлаб чиққан, 2D ва 3D моделларни яратган, ҳаво оқими, ҳарорат ва босим параметрларини ҳисоблаб чиққан. Иш жараёнини ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борган ва у ерда кўплаб қизиқувчилар томонидан қўллаб-қувватланган.

Двигателнинг биринчи лойиҳаси устида ишлаш 8 ой давом этган. Бунинг учун сарфланган материалларнинг ўзи қарийб 8-9 минг юанни (тахминан 1100-1200 доллар) ташкил этган. Ота-онаси унинг бу иши “шунчаки вақтинчалик қизиқиш” эмаслигини кўриб, уни тўлиқ қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, айрим фойдаланувчилар маслаҳат билан ёрдам берган бўлса, бошқалари деталларни 3D-принтерда чиқариб беришни таклиф қилган. Орадан ярим йил ўтиб, Че двигателнинг илк прототипини йиғган, бироқ конструктив ва ёнилғи билан боғлиқ муаммолар туфайли биринчи синов муваффақиятсиз якунланган.

Шунга қарамай, ўсмир изланишдан тўхтамаган ва ҳозирда қурилманинг такомиллаштирилган версияси устида ишламоқда. Унинг сўзларига кўра, муваффақиятсизлик ўқишнинг муҳим босқичи ва олдинга интилиш учун катта мотивация бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Жоржия штатида 12 ёшли қиз укаларини ёнаётган уйдан қутқариб қолгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой самолёт авиация двигатели

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг