Хоразмда ўзидан “кўча” ясаб олганлар қамалди (видео)
3-саҳифа
−
23 Январь 7491 2 дақиқа
Хоразм вилоятида ўзидан “кўча” ясаб олган, “Жомми Даритал”, “Малиш” ва “Расул қилич” номлари билан танилган уч кишига жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Урганч туманида яшовчи, танишлари ва аҳоли орасида “Жомми Даритал” лақаби билан танилган 30 ёшли фуқаро Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида бир йигитни тўхтатиб, турли баҳоналар билан ҳеч қандай сабабсиз калтаклаган.
Жабрланувчининг Ички ишлар органларига қилган мурожаати бўйича суриштирув бошлангач, “Жомми Даритал” жабрланувчига руҳий ва жисмоний босим ўтказишга уринган. Шундан кейин у тезкор ходимлар томонидан ушланган ва шу ернинг ўзида унинг ёнлари кўздан кечирилганида, оғирлиги 3 грамм бўлган марихуанани қонунга хилоф равишда ёнида сақлаб қўйгани маълум бўлган ва тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Яна бир ҳолатда, Боғот туманида яшовчи, “Малиш” лақабли, муқаддам безорилиги учун судланган 29 ёшли фуқаро спортнинг бокс тури билан шуғулланиб келаётганини бошқалардан жисмоний устунлик сифатида баҳолаб, 18 январь куни Боғот туманида яшовчи 1998 йилда туғилган йигитни юзма-юз гаплашиш учун олдига чақирганида келмаганини сабаб қилиб, унинг яшаш хонадонига борган. Унинг қаршилигига қарамай уйига кириб, танасининг турли жойларига уриб, қасддан жароҳат етказиб, безорилик жиноятини содир этган.
Қолаверса, “Расул қилич” лақабли 35 ёшли хивалик фуқаро киракашлик билан шуғулланган. 13 январь куни у Хива – Урганч йўналишида ишлайдиган таниш ҳайдовчини таъқиб қила бошлаган. Унинг йўлини тўсиб, машинани тўхтатиб, уни дўппослаган. Бу вақтда можарони ажратиш учун келган эркак ҳам калтакланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан, Урганчлик “Жомми Даритал”га эса қўшимча равишда 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондорлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида одамларни қурол билан қўрқитиб, катта миқдорда пул ундирган “Шайтон” лақабли шахс ва унинг шериклари қўлга олинганди.
Live
Барчаси