Ким Чен Ин Жанубий Кореяни бутунлай йўқ қилиш билан таҳдид қилди
Олам
−
26 Февраль 6833 2 дақиқа
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Корея Меҳнат партиясининг тўққизинчи съезди якунига бағишланган ҳарбий парадда Жанубий Корея билан мулоқот қилишни хоҳламаслигини ва зарур бўлса, қўшнисини бутунлай йўқ қилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Yonhap News Agency” хабар берди.
Шунингдек, парадда АҚШ билан муносабатлар яхшиланиши учун Вашингтон Пхеньянга нисбатан “душманлик сиёсати”дан воз кечиши кераклигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ Шимолий Кореянинг Конституцияда белгиланган мақомини ҳурмат қилса ва адоватли сиёсатини тўхтатса, икки давлат ўртасида дўстона муносабатлар шаклланиши мумкин.
Ким Чен Ин ёрдамчиларига мамлакатнинг ядровий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, янги қурол тизимларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган. У сув остидан учириладиган қитъалараро баллистик ракеталар, шунингдек, Жанубий Кореяни нишонга олишга қодир қисқа масофали ракеталар ва артиллерия тизимларини кенгайтириш режалари ҳақида гапирган.
Кимнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда ядровий ва ракета дастурларининг жадал ривожланиши Шимолий Кореянинг ядровий давлат сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлаган. У ядровий қуролларни мамлакат хавфсизлигининг “кафолати” деб атаган.
Шимолий Корея ОАВлари тарқатган суратларда Ким Чен Ин қизи Ким Жчу Э билан бирга минбарда тургани акс этган. Бу эса Ким қизининг парадда иштирок этиши унинг эҳтимолий ворис сифатида тайёрланаётгани ҳақидаги тахминларни яна кучайтиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўзининг кичик қизи Ким Чжу Эни мамлакат Ракета маъмуриятида раҳбарлик лавозимига тайинлагани хабар қилинганди. Ушбу маъмурият Пхеньяннинг ядровий ва баллистик ракета дастурларини назорат қилади.
Live
Барчаси