Ким Чен Ин Жанубий Кореяни “энг ашаддий душман” деб эълон қилди

Олам

image

КХДР етакчиси Ким Чен Ин 15-чақириқ Олий халқ мажлисининг биринчи сессиясидаги дастурий нутқида Жанубий Кореяни расман “энг ашаддий душман давлат” деб эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 24 март куни Корея марказий телеграф агентлиги хабар берди.

“Биз Жанубий Кореяни энг ашаддий душман давлат деб ҳисоблаймиз, уни энг аниқ сўзлар ва ҳаракатлар билан бутунлай рад этамиз ва эътиборсиз қолдирамиз”, дейди у.

Шу билан бирга, Шимолий Корея етакчиси Жанубий Кореянинг КХДРга нисбатан ҳар қандай эҳтимолий тажовузи учун аёвсиз жазо муқаррар эканини қўшимча қилган.

“Жанубий Кореянинг республикамизга дахлдор ҳар қандай ҳаракати учун уни заррача истисносиз ва иккиланмасдан шафқатсиз бадал тўлашга мажбур қиламиз”, дея огоҳлантирган Ким Чен Ин.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг февраль ойи охирида КХДР етакчиси Жанубий Корея билан ҳар қандай алоқалардан бутунлай воз кечишини билдирган ва бир-бирига душман бўлган икки хил давлат тамойилини яна бир бор таъкидлаб, ҳатто БМТда ҳам мамлакатлар иккита алоҳида давлат сифатида рўйхатга олинганини қайд этган.

Унинг сўзларига кўра, Сеул билан муносабатларда “ҳеч нарса қолмаган”, агар бирон нарса қолган бўлса, у ҳам фақат Пхеньян миллий манфаатларидан келиб чиқадиган “совуқ ҳисоб-китоб” ва “қатъий муносабатдир”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин яна Президент этиб қайта сайланган эди. Ушбу қарор мамлакат Олий халқ мажлисининг бир кун аввал бўлиб ўтган биринчи сессиясидан сўнг қабул қилинган. У 99,93 фоиз овози билан тасдиқланган, сайловда иштирок этиш даражаси эса 99,99 фоиз бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Жанубий Корея энг ашаддий душман Олий халқ мажлиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг