Президент ЙТҲларда кунига 6 киши ўлаётганидан ташвишдалигини айтди
Жамият
−
09 Июль 4205 2 дақиқа
Ўтган 2024 йил давомида Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кузатилган. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Давлат раҳбари соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар кўплигини қайд этди. Мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатидаги зарар ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача 0,4 фоизни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ўтган йили 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу мудҳиш ҳодисаларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган. Энг ачинарлиси, авариялар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида кузатилган.
Жорий йилнинг олти ойида 20 та ҳудудда авариялар сони юқорилигича қолмоқда.
Оғир оқибатли авариялар кескин камайган туманлар кўп. Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Қонликўл, Янгиобод, Тўрақўрғон, Оққўрғон, Сайхунобод, Булоқбоши, Улуғнор, Бандихон туманлари ва Оҳангарон, Ширин, Нурафшон, Хонобод шаҳарларида вазият яхшиланиб, бирорта ўлим бўлмади.
Лекин Қизилтепа, Уйчи, Пахтачи, Чуст, Тойлоқ, Ургут, Шовот, Пастдарғом, Яккабоғ, Қўшкўпир, Хонқа, Денов, Пешку, Беруний, Олмазор, Бектемир туманларида тескари вазият.
Соҳа учун масъулларга Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига ўлим билан боғлиқ авариялар сони МДҲ давлатлари ичида энг пастлиги хотиржамликка берилиш учун сабаб эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
“Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак”, деди Президент.
Live
Барчаси