Лапорта “Барселона” президентлик лавозимига қайта сайланди

Спорт

image

Кеча, 15 март куни “Барселона” клуби президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда Жоан Лапорта яна “Барселона” президенти этиб сайланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

63 ёшли мутахассис сайловда рақиби Виктор Фонтни ортда қолдириб, учинчи бор клуб раҳбари бўлди. Маълумотларга кўра, Лапорта 66,6 фоиз овоз тўплаб ғалаба қозонган.

Натижалар эълон қилингач, унинг ғалабани нишонлаётган илк дақиқалари камералар томонидан тасвирга олинди. Бу “Барселона” тарихидаги сўнгги қарийб ўттиз йил ичидаги энг йирик сайлов ғалабаларидан бири бўлди. Бунгача бундай юқори натижа 1997 йилда клубнинг собиқ президенти Хосеп Луис Нунес томонидан қайд этилган бўлиб, у ўша пайтда 76 фоиздан ортиқ овоз олган эди.

Мазкур натижа Лапортага клуб тарихида тўртинчи бор президентлик қилиш имконини берди (2003, 2007, 2021 ва 2026-йиллар). Бу эса уни “Барселона” тарихидаги энг нуфузли раҳбарлардан бирига айлантирди.

Маълумотларга кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга аъзолар сони 114 минг 504 нафарни ташкил этган. Шундан 48 минг 480 нафар аъзо сайловда иштирок этиб, умумий фаоллик 42,34 фоизни ташкил қилган. Бу кўрсаткич 1997-йилдан буён энг паст натижа ҳисобланади.

Овоз бериш Каталония ва Андорра ҳудудларидаги 122 та сайлов участкасида ўтказилди. Уларнинг асосий қисми “Камп Ноу” стадионида жойлашган эди. Фақат Барселона ҳудудининг ўзида 43 мингдан ортиқ овоз берилди. 

2021 йилдаги сайлов билан солиштирганда, ўшанда Лапорта 54,2 фоиз овоз олган эди. Унинг янги ваколат муддати 2031 йилгача давом этади. Шу вақт ичида у клубнинг молиявий тикланишини якунлаш, янгиланаётган “Камп Ноу” стадионини тўлиқ ишга тушириш ҳамда “Барселона”нинг Европа мусобақаларидаги мавқеини тиклашни мақсад қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов “Барселона” Жоан Лапорта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг