Лукашенко армиянинг жанговар тайёргарлигини текширди
Олам
−
13 Февраль 838 2 дақиқа
Бугун, 13 февраль куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко кутилмаганда 227-ўқув полигонига ташриф буюриб, армиянинг жанговар тайёргарлигини шахсан текширди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари маҳаллий вақт билан соат 7:00 да полигонга етиб борган. Мудофаа вазири Виктор Хренин унга амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот тақдим этган. Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши давлат котиби Александр Волфович кутилаётган натижалар тўғрисида маълумот бериб, армия жанговар вазифаларни бажаришга тайёр эканини билдирган.
Лукашенко 339-механизациялашган батальоннинг қўмондонлик ва кузатув пунктига ҳам ташриф буюриб, ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашган. У аскарларнинг яшаш шароитлари билан танишган. Ҳарбийлар зарур жиҳоз ва шароитлар билан тўлиқ таъминланиши кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, қўшинлар тайёргарлигини юқори даражада ушлаб туриш учун бундай кутилмаган текширувлар муҳимлигини айтган. У барча масъуллар, жумладан, Мудофаа вазири ва Хавфсизлик кенгаши давлат котиби ҳам текширувдан ўтишини билдирган.
Лукашенко ҳарбий хизматчиларга доимий машғулот ўтказиш зарурлигини эслатиб, ҳар қандай вазиятга тайёр бўлиш кераклигини таъкидлаган.
Маълум қилинишича, Беларусь Қуролли кучларининг кенг кўламли текшируви Александр Лукашенконинг буйруғи билан жорий йилнинг 16 январидан бошланган. Текширувлардан асосий мақсад қўшинларнинг реал ҳолатини баҳолаш ва уларни янада такомиллаштиришдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Беларусь билан чегарадаги аскарлари сонини кескин ошираётгани ҳақида хабар берилганди. Мамлакат Миллий мудофаа вазири Мариуш Блашак 4 минг нафар аскар тўғридан тўғри чегара хавфсизлигини қўллаб-қувватлаши, 6 минг нафари эса шу яқин ҳудудда жойлашишини маълум қилган.
Жамшидбек Амиров
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль