Лувр музейи ёпилди. Ходимлар ойлигидан норози

Олам

image

Бугун, 15 декабрь куни Париждаги Лувр музейида ходимлар иш ҳақи ва меҳнат шароитларининг ёмонлиги сабаб иш ташлаш эълон қилди. Шу туфайли дунёдаги энг гавжум музей фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда “France24” хабар берди.

Маълум қилинишича, иш ташлаш қарийб 400 нафар ходим томонидан қўллаб-қувватланган. Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган иш ташлаш акцияси “тобора ёмонлашиб бораётган иш шароитлари” ва ходимлар етишмаслиги билан боғлиқ.

Иш ташлаш музей учун мураккаб даврга тўғри келди. Хусусан, Лувр яқинда инфратузилма билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келган. Жумладан, октябрь ойида қиймати 88 миллион евро (103,3 миллион доллар)га баҳоланган заргарлик буюмлари ўғирланган ҳамда қадимий қўлёзмаларга зарар етказган сув оқиши ҳолати қайд этилган. Музей деярли таъмирталаб ҳолатда.

“Оммавий иш ташлашлар сабабли музей ҳозирча ёпиқ”, дея маълум қилди Лувр маъмурияти ўзининг расмий веб-сайтида.

Касаба уюшмалари талаблари орасида, айниқса, хавфсизлик ва ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш соҳаларида доимий ходимлар сонини кўпайтириш ҳамда меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари бор.

Шунингдек, улар январь ойининг ўрталарида Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган сайёҳлар учун чипта нархини 45 фоизга ошириш режасига ҳам қарши чиқмоқда. Мазкур ошириш ишлари таъмирлаш харажатларини молиялаштириш мақсадида таклиф этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париж “свет”сиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Франция пойтахтининг жануби-ғарбидаги Исси-ле-Мулино подстанциясида содир бўлган техник носозлик оқибатида айрим метро ва шаҳарлараро поезд линиялари тўхтаб қолган, светофорлар ҳамда 170 мингга яқин хонадон вақтинча электр таъминотидан узилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Париж Лувр музей Касаба уюшмалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг