“Magic City”даги осиш саҳнаси бўйича прокуратурага сўров юборилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳридаги “Magic City” кўнгилочар боғида болалар учун мўлжалланган тадбирда шубҳали ва баҳсли саҳна – ўзини осиш ҳаракати намойиш этилгани ҳамда ушбу ҳолат бўйича жавобгарликни ҳеч бир ташкилот ўз бўйнига олмагани ҳақида ёзган эди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани прокуратура органларига мурожаат қилди.

Болалар омбудсманининг тегишли қонунларга таяниб ёзишича, “болаларни уларнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга, шу жумладан ўз соғлиғига зарар етказишга, ўз жонига қасд қилишга ва шундай ҳаракатларни тарғиб қилишга ундайдиган” ахборот маҳсулоти болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот ҳисобланади.

“Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан болаларни ҳимоя қилишни таъминлашнинг маъмурий ва ташкилий чора-тадбирларини, дастурий-аппарат ва техника воситаларини қўлламай туриб, ушбу ахборотнинг жамоат жойларида айланишига йўл қўйилмайди.

“Болаларнинг ўз ёш тоифасига мос келмайдиган ахборот маҳсулоти намойиш этиладиган томошабоп тадбирларни ташкил этишда ва ўтказишда иштирок этишига йўл қўйилмайди”, дейилади Болалар омбудсмани баёнотида.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларининг 59-бандига мувофиқ оммавий тадбирни ўтказиш вақтида тадбир иштирокчиларига жамоат хавфсизлиги, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи, оммавий тадбирни ташкил қилиш ва ўтказишнинг белгиланган тартибини бузувчи ёки бундай хатти ҳаракатларни содир қилишга ундовчи ҳаракатларни бажариш тақиқланади.

Қайд этиш жоизки, “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига биноан, боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири деб белгиланган.

Билдирилишича, қонунчиликда келтирилган ушбу мезонларни инобатга олиб, Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан “Magic City” дирекцияси томонидан расмий муносабат ёки тушунтириш берилишини сўраган.

“Болалар омбудсмани мазкур ҳолатда қонунбузилиш ёки ҳуқуқбузарлик мавжуд ёки мавжуд эмаслигини ўрганиш, аниқланган вазиятга қонуний чора кўришни сўраб прокуратура органларига мурожаат қилди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, болалар омбудсмани ҳолат юзасидан ўз кузатувини давом эттиради, бу борада қўшимча ахборот берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Magic City Болалар омбудсмани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг