Марказий Осиё пойтахтлари сув инқирози хавфи остида – экспертлар
Бу қизиқ
−
03 Декабрь 5525 3 дақиқа
Марказий Осиё сув танқислиги чегарасига кескин яқинлашмоқда. Минтақанинг йирик шаҳарларини бу чегара ортида бугун Эрон пойтахти Теҳронда кузатилаётганга ўхшаш инқироз кутиши мумкин. Бу ҳақдаги мақола “Nightingale” сайтида эълон қилинди.
Мақола муаллифлари Собир Қурбонов ва Элданиз Гусейнов вазиятни “Теҳрон инқирози” билан солиштирган. Айни пайтда Эроннинг энг йирик шаҳри сувомборларида сув “ўлик ҳажм” даражасига яқинлашган, ҳукумат эса аҳолининг бир қисмини эвакуация қилиш режасини тайёрлашга мажбур бўлмоқда.
Қайд этилишича, “сув таъминоти етарли” деган тасаввур аллақачон ҳақиқатга тўғри келмайди: ерости сувлари сатҳи пасаймоқда, тупроқлар шўрланмоқда, экотизимлар емирилмоқда. Бу жараёнлар Орол ҳавзасида аллақачон кўзга ташланяпти ва келажакдаги шаҳар муаммоларининг белгиси сифатида қараляпти.
Таҳлилчилар минтақа пойтахтларига алоҳида эътибор қаратган. Тошкент ва Бишкекнинг сув таъминоти тармоқлари, асосан, собиқ иттифоқ давридан қолган бўлиб, доимий авария таъмирлари ҳисобига ушлаб турилади. Ўзбекистонда сув истеъмоли дунёдаги энг юқорилардан бири – бир киши учун суткасига 400 литрга яқин. Бу Европа шаҳарларидагидан деярли икки баравар кўп. Ушбу ҳажм эса йирик шаҳарларни ниҳоятда заиф қилади, ҳатто кичик узилишларнинг ўзи ҳам кенг кўламли ўчиришларга олиб келиши мумкин.

Муаллифлар инқироз бошқарувдаги камчиликлар билан янада оғирлашаётганини таъкидлайди. Тарифлар тармоқларни сақлаш харажатларини қопламайди, сув агентликлари эса истеъмолни оширишда давом этаётган қишлоқ хўжалиги идоралари билан таққослаганда кучсиз. Қўшимча таранглик манбаи сифатида Афғонистон омили қайд этилади. Амударё оқимининг учдан бирини буриб юбориши мумкин бўлган “Қўштепа” канали қурилиши Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида сув таъминотига аллақачон таъсир кўрсатмоқда. Келажакда бу бутун Марказий Осиё бўйлаб занжирсимон оқибатларга олиб келиб, юкнинг Сирдарёга тушишига сабаб бўлиши мумкин, бу эса Қозоғистонга таҳдид солади.
Вазиятни кузги қурғоқчилик ҳам мураккаблаштирмоқда. Гидрометеорология хизматларига кўра, айрим ҳудудларда ёғингарчилик меъёрдан 40-70 фоиз паст. Тожикистонда қишлоқ жойларда электр энергияси кунига уч соатгача чекланган. Ёмғирлар бўлмагани сабабли ҳаво сифати ҳам ёмонлашмоқда: чанг ва тутун ифлосланиш даражасини хавфли кўрсаткичларга олиб чиқмоқда.

Мутахассислар агар ислоҳотлар ҳозир бошланмаса, минтақада миграция ўсиши, ижтимоий норозилик кучайиши ва давлатлар ўртасида сув учун рақобат ортишидан огоҳлантирмоқда. “Теҳрон инқирози”дан қочиш учун Марказий Осиё суғоришни модернизация қилиши, сув тармоқларидаги йўқотишларни камайтириши, қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириши, шаҳар қурилиш қоидаларини қатъийлаштириши ва барқарор тариф сиёсатини шакллантириши зарур.
Мутахассислар алоҳида банд сифатида Амударё оқимини бошқариш бўйича Афғонистон билан тизимли мулоқот зарурлигини қайд этади. Акс ҳолда, сув инқирози секин, аммо муқаррар тарзда чуқурлашиб боради ва бир куни бошқариб бўлмайдиган даражага етади.
Live
Барчаси