Теҳронни эвакуация кутмоқда. Эрон пойтахти қаерга кўчирилади ва бунга ким айбдор?
Олам
−
26 Ноябрь 6500 4 дақиқа
Эронни ғайриоддий қурғоқчилик қамраб олди. Йирик шаҳарларга сув етказиб берадиган сувомборларда беш фоиздан ҳам кам сув қолган. Масалан, мамлакатдаги Теҳрондан кейин иккинчи йирик шаҳар – Машҳадни сув билан таъминлайдиган омборларда уч фоиз ёки ундан ҳам кам даражада сув бор. Вазият шу қадар оғирки, мамлакат Президенти Масъуд Пезешкиён “агар қиш бошига қадар ёмғир ёғмаса, пойтахтни эвакуация қилишга тўғри келади”, дея баёнот берди.
Нега бу ҳолат юз берди ва бунга ким жавобгар? “Медуза” бу ҳақда батафсил таҳлил эълон қилди.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, Эрон сўнгги 70 йилдаги энг қуруқ кузни бошдан кечирмоқда. Мамлакатнинг ғарбий қисмидаги Загрос тоғларида ёмғир, Теҳронга яқин Точол тоғида қор ёққанига қарамай, ёғингарчилик ҳали ҳам иқлим меъёрининг ўндан бир қисмига тенг, холос. Мамлакатда булут экиш бошланган. Бу – Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган Урмия кўли устида сунъий ёмғир чақириш операцияси орқали амалга оширилмоқда. Мамлакатдаги энг йирик кўл ҳисобланадиган Урмия жиддий саёзлашган, унинг катта қисми эса ўсимликлар учун яроқсиз, туз миқдори юқори бўлган чўлга айланиб қолган.
Аммо муаммо шундаки, булут экиш фақат ҳавода етарли намлик бўлганда самарали бўлади: сочиладиган реагентлар намликни конденсациялашга ва ёмғир томчиларини шаклланишига ёрдам беради. Эроннинг аксарият ҳудудларида, ҳатто одатда булутлар тўпланадиган тоғларда ҳам ҳаво жуда қуруқ.
Ҳеч бўлмаганда тежамкорликка эришиш учун Теҳронда ва бошқа йирик шаҳарларда сув узиб қўйиш жадвали жорий этилган. Шаҳарга келган цистерналар ёнида километрлаб навбатлар пайдо бўлмоқда, масжидларда эса ёмғир сўраб дуо қилинмоқда. Сув инқирози туфайли Эрон гидроэлектростанцияларида электр ишлаб чиқариш ҳажми камайган. Саноат корхоналари ҳам сув танқислигидан азият чекмоқда: совутиш ва бошқа технологик жараёнлар учун намлик етарли эмас. Қишлоқ хўжалиги экинлари майдони қисқарган, бу эса яқин келажакда озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келади.
Ҳозир Эрон иқтисодий инқирозга юз тутган. Ҳар ой озиқ-овқат нархлари ошмоқда. Масалан, бир килограмм товуқ филеси тахминан 3,5 доллар туради, ўртача ойлик даромад эса 200 доллар атрофида. Маҳсулотлар ҳатто муддатли тўлов асосида сотилмоқда. Эрон ҳукумати сувни импорт қилиш ёки қўшни давлатлардан қарзга олиш бўйича музокара олиб боришига тўғри келиши мумкин. Масалан, БААда сувни шўрланишдан тозалаш технологиялари мавжуд. Бироқ санкциялар ва кўплаб қўшнилар билан кескин муносабатлар сабаб мамлакат фақат жуда чекланган халқаро ёрдамга умид қилиши мумкин.
Мутахассислар сув инқирозининг сабабларини иқлим ўзгариши ва мансабдорларнинг бепарволигида кўрмоқда.
Эрон платосида йирик дарёлар йўқ. Ҳар томондан тоғлар билан ўралгани сабабли ёғингарчилик ҳам кам. Сўнгги йиллар эса айниқса иссиқ ва қуруқ келган. Бунга қишлоқ хўжалигидаги стратегик хатолар қўшилган. Эрон деҳқончилиги сунъий суғоришга таянади ва мамлакатдаги тоза сувнинг 90 фоизи ана шу соҳага сарфланади. Экспортбоп маҳсулотлар – гуруч, қандлавлаги, писта етиштириладиган ерларга сув шунчаки сарфлаб юборилади. Унинг катта қисми эса ерга сингиб кетади ёки буғланади. Сув инқирозига минглаб артезиан қудуқларининг тартибсиз қазилиши ҳам сабаб бўлган. Ҳукумат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ундаш учун лицензиясиз қазилган қудуқларга рухсат берган, аммо ерости сувларининг тугаши тупроқ чўкиши каби оқибатларга олиб келишини ҳисобга олмаган.
Вазиятни кўплаб тўғонлар қурилиши ҳам оғирлаштирган. Улар кам оқимли дарёларнинг табиий оқимини бузибгина қолмай, юзаси кенг бўлган сувомборларни ҳосил қилган. Бу эса сувнинг тез буғланишига олиб келди. Ачинарли “манзара”ни сув сарфини ҳисобга олиш тизимининг ёмон йўлга қўйилгани ва истеъмол тарифларининг кескин субсидиялаштирилгани тўлдиради.
Натижа – қурғоқчилик ва Эрон пойтахтининг кўчирилиши. Президент Пезешкиённинг айтишича, янги пойтахт эҳтимол мамлакатнинг жануби-шарқидаги Макрон минтақасида қурилади. У ер Эроннинг ҳатто бошқа ҳудудларига нисбатан ҳам жуда қуруқ ва иссиқ қумли чўл. Аммо Макрон денгизга яқин жойлашган ва сувнинг шўрини ювиш орқали муаммони ҳал қилиш мумкин.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь