Маскка қарши янги суд: Twitter акциялари қасддан арзонлаштирилганми?
Олам
−
04 Март 957 2 дақиқа
АҚШда миллиардер тадбиркор Илон Маскка қарши акциядорлар томонидан очилган суд иши бошланди. Сан-Францискодаги федерал судда кўрилаётган даъвога кўра, Маск 2022 йилда Twitterʼни 44 миллиард долларга сотиб олишдан олдин компания акциялари қийматини тушириш учун нотўғри ва чалғитувчи баёнотлар берганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Даъвогарлар фикрича, Маск ижтимоий тармоқдаги сохта ва спам аккаунтлар сони ҳақида асоссиз маълумотлар тарқатиб, бозорга босим ўтказган. У 2022 йил 13 май куни Twitterʼни сотиб олиш бўйича келишув “вақтинча тўхтатилгани”ни билдирган ва платформанинг тахминан 20 фоизи сохта аккаунтлардан иборатлигини айтган. Бу баёнотлардан кейин компания акциялари кескин арзонлашган.
Акциядорлар даъвосига кўра, бу ҳаракатлар компания қийматини тушириш ва кейинчалик битим шартларини ўзгартиришга уриниш бўлган. Улар Маск АҚШ қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонунларини бузиб, бозорни атайлаб чалғитганини таъкидламоқда.
Маск аввал Twitterʼни сотиб олишдан воз кечишга ҳаракат қилган, аммо компания уни келишувни бажаришга мажбур қилиш учун судга мурожаат қилган. Охир-оқибат, 2022 йил октябрда мульти-миллиардер аввалги таклифини қабул қилиб, платформани 44 миллиард долларга харид қилган. Кейинчалик у компанияда катта ўзгаришлар ўтказиб, ходимлар сонини қисқартирди ва 2023 йилда Twitter номини “Х” деб ўзгартирди.
Бу Маск иштирокидаги илк суд иши эмас. 2018 йилда “Tesla” компаниясини хусусийлаштириш режаси ҳақидаги баҳсли баёнотлари юзасидан ҳам у судда кўрсатма берган, аммо ўша ишда ҳайъат аъзолари уни айбсиз деб топган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум Илон Маскни судга бермоқчи экани хабар қилинганди.
Live
Барчаси