Мирзиёев таклиф қилинган “Тинчлик кенгаши” низоми Давосда имзоланиши кутилмоқда
Олам
−
20 Январь 3712 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп 22 январь куни Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ғазо секторини тартибга солиш бўйича “Тинчлик кенгаши” ваколатлари ва низомининг тўлиқ матнини тасдиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Трамп таклиф қилинган давлатлардан ташаббусни расман бошлаш учун 22 январь куни ҳужжатни имзолашни талаб қилмоқда. Низом лойиҳасига кўра, Трамп органнинг биринчи раиси бўлади ва янги аъзоларни таклиф қилиш бўйича қарорларни шахсан ўзи қабул қилади. Ташкилотнинг доимий аъзоси мақомини олиш учун АҚШ маъмурияти давлатлардан биринчи йил давомида камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бадал тўлашни талаб қилади.
“Bloomberg”нинг қайд этишича, бундай молиявий шароит кўплаб жаҳон етакчиларини ҳайратда қолдирди ва кескин танқидларга сабаб бўлди. Дастлаб кенгаш Ғазо секторини тиклашни назорат қилиш учун ташкил этилган бўлса-да, Низом матни БМТга муқобил бўлиши мумкин бўлган ташаббуснинг кенгроқ ва глобал амбицияларини кўрсатади. Баъзи таклиф қилинган томонлар Трамп раис сифатида янги тузилма маблағлари устидан ягона назоратни қўлга киритиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Дональд Трамп бугунгача ушбу Кенгашга Россия, Туркия, Ҳиндистон, Миср, Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентларини таклиф қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йил 16 январда Ғазо секторида Тинчлик кенгаши тузилишини эълон қилган эди. Ушбу тузилмани ташкил этиш Трампнинг Ғазо бўйича тинчлик режасининг бир қисми бўлиб, унда халқаро кучларни жойлаштириш ҳам назарда тутилган. Бирлашманинг ижроия қўмитаси таркибига АҚШ Давлат котиби Марко Рубио, Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Президентнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр киради.
Live
Барчаси