Муллажоновда допинг аниқланганига эҳтимолий сабаб айтилди
Спорт
−
06 Август 7415 2 дақиқа
Аввалроқ, Париж-2024 Олимпия ўйинларида бокс бўйича олтин медаль соҳиби бўлган Лазизбек Муллажоновда допинг моддаси аниқлангани хабар қилинган эди. Ўзбекистон бокс федерацияси мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Муллажонов профессионал боксда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Спортчи доимий равишда допинг қоидаларига риоя қилиб келган ва допинг синов тестлари натижалари ҳар доим манфий чиққан. Жорий йилнинг 11 июнь куни Халқаро допинг қоидаларига кўра ундан допинг синов тести олинган ва Халқаро Допингга қарши агентлик (ITA) томонидан тест натижаларига кўра тақиқланган моддалар борлиги аниқлангани юзасидан ахборот хати тақдим қилинган.
Спортчи Париж-2024 Олимпия ўйинларидан сўнг, 2024 йил 19 ноябрь куни Фарғона шаҳридаги хусусий шифохонада соч кўчириб ўтказиш амалётини ўтказгани сабабли 4 босқичли операция амалётида ва операциядан кейинги муолажаларда шифохона томонидан тақдим қилинган даволаниш учун дори воситаларини қабул қилган. Айнан ушбу дори воситаларида айрим тақиқланган допинг моддалари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси ва Лазизбек Муллажонов томонидан ITA’га ушбу масала юзасидан керакли барча ҳужжатлар тақдим қилинган бўлиб, спортчи якуний қарор чиқишини кутмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда вакилимиз допинг қоидаларини бузгани сабабли Париж-2024 Олимпия ўйинлари олтин медали натижаси бекор қилиниши тўғрисида хабарлар асоссиз эканли ва юқоридаги ҳолат Олимпия ўйинларидаги натижасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслигини маълум қиламиз. Шу ўринда ОАВ вакилларидан маълумотларни текширмасдан, Ўзбекистон бокс федерацияси ва бевосита Муллажонов билан боғланмасдан, асоссиз тарзда тарқатмасликларини сўраймиз”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ икки карра олимпиада чемпиони Улуғбек Рашидов 2025 йил 13 майдан бошлаб 2027 йилнинг 12 майигача икки йил муддатга мусобақалардан четлатилганди. Кейинроқ у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида бунга муносабат билдириб, дисквалификация тақиқланган дори воситаларини қабул қилгани учун эмас, балки жойлашув бўйича қоидаларга риоя қилмагани учун берилганини билдирди.
Live
Барчаси