Мурожаатлар бўйича қонунчилик талабини бузганларга жазо кучайтирилади
Жамият
−
13 Март 2002 2 дақиқа
Ўзбекистонда Мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо кучайтирилади. Бу ҳақда бугун, 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда Президент Халқ қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш чора-тадбирларини белгилаб берган. Президент Администрациясига ҳокимлар билан биргаликда Халқ қабулхоналарига муаммоларнинг моҳиятини тушунадиган замонавий кадрларни жамлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича алоҳида назорат гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш топширилган.
Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳар ойда Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, умумлаштиради, вазирлар ва ҳокимларга етказиб, ижросини назорат қилади. Одамлар кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича раҳбарлар ҳисоботини эшитиб боради, энг муаммоли масалалар бўйича таклифларни ҳукуматга киритади. Ҳукуматда вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат Тезкор штаб тузилади. Кўтарилган масалалар ҳудуд ва тармоқлар кесимида жойига чиққан ҳолда ҳал қилинади.
Халқ қабулхоналарига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ваколати берилади. Коммуникациялар департаментига мурожаатлар билан ишлаш бўйича давлат идоралари рейтингини йўлга қўйиш ва ҳар олти ойда эълон қилиб бориш топширилган.
Бош прокурорнинг комплаенс бўйича ўринбосари олдига бу борадаги барча топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилган
Мурожаатлар билан ишлашда “маҳалла еттилиги”нинг масъулияти оширилади. Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади. Уни юритишга ёшлар етакчиси билан маҳалла раиси масъул бўлади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим қилиб боради.
Мутасаддиларга “Рақамли маҳалла” тизимини Президент Виртуал қабулхонасига тўлиқ интеграция қилиш топширилган. Бундан буён мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга кўриб чиқиш учун юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилиши белгиланган.
Мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо ҳам кучайтирилади.
Live
Барчаси