Энди каттаконлар жазодан қутулолмайди!
Таҳлил
−
08 Март 8660 10 дақиқа
Наманганда аёл жазмани билан ёлланма қотил орқали эрини ўлдирмоқчи бўлди. Тошкент вилоятида дайди ит ёш болани тишлаб ўлдирди. Ўзбекистонлик мактаб ўқувчиси АҚШда жинсий зўравонликка учради. Бухорода 17 ёшли қиз ўзини 8-қаватдан ташламоқчи бўлди. Туркияда яна бир ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди. Мана шундай оғир мавзулар ва бошқа жараёнлар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ студиясида ҳафта таҳлили.
Жамиятимиз аёлни икки қутб орасида кўради. Кимдир учун у фақат уй хизматкори, "рўзғор ғилдираги", яна кимдир учун эса у — мўъжиза, жамиятни ҳаракатга келтирувчи, ҳақиқий эркакларни тарбиялаб етиштирувчи улкан куч. Аслида эса, аёл — бу зиддиятларни бир нуқтада бирлаштира олган ягона хилқатдир. У қўлидаги супургини ҳам, давлат аҳамиятига молик ҳужжатларни ҳам бирдек қатъият билан тута оляпти бугун. Бу ҳафта эътиборга тушган вазиятлар ҳам бу гапимизга исбот бўлади.
Бухорода 17 ёшли қиз ўзини 8-қаватдан ташлашга уринган бўлса, Тошкентда унинг тенгдошларидан айримлари эришган ютуқлари сабаб президентдан “Зулфия” номидаги мукофотларини қабул қилиб олди. Наманганда аёл жазмани билан ёлланма қотил орқали эрини ўлдирмоқчи бўлгани фош бўлган ҳафтада, ёши у тенги бўлган аёлга ижодкорлиги учун 2 хонали уй совға қилинди. Хуллас тақдир тақозоси билан бу ҳафтада энг кўп муҳокама аёллар ва хотин-қизлар атрофида содир бўлди.
Аёлларни фақат бир кун, қайсидир белгиланган санада эмас бир умр эъзозлаш позициясида эканлигимизни таъкидлаган ҳолда, биринчи вазиятга тўхталамиз.
Наманган вилоятининг Давлатобод туманида эрини ўлдириш учун киллер ёллаган аёл ушланди. У бу иш учун жазмани билан биргаликда режа тузган. Аёл ўлдирилиши керак бўлган эркак билан шаръий никоҳ асосида бирга яшаб келган. Уни йўқ қилиш учун 6000 АҚШ доллари беришга тайёрлиги ҳақида тезкор маълумот олинган.
Ушбу жиноят Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар давомида жорий йилнинг 4 март куни аниқланган.
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси ходимлари тезкор тадбир ташкил этиб, шартли ёлланма қотил орқали буюртмачилар билан суҳбатлашилган.
Telegram мессенжери орқали бўлган мулоқотда аёл турмуш ўртоғини Cobalt автомашинасида ёлғиз юришини ва бундан фойдаланиш мумкинлигини киллерга уқтирган. Қўйилган шарт эса янада ваҳшиёна. Ёлланма қотилга “ўлжасини” Андижон-Наманган йўлидаги овлоқ жойда ўлдириб, автомашинасини ёқиб юбориш мажбурияти қўйилган. Тадбир иштирокчилари томонидан жабрланувчи ўлдирилгани акс этган қотиллик жинояти саҳналаштирилган ва шартли қотил ушбу ҳолатни видеотасвирга олиб, аёл ва унинг жазманига видеони кўрсатган.
Буюртмачилар келишилган пул маблағидан 5500 АҚШ долларини шартли қотилга бераётган вақтда тезкор ходимлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қасддан одам ўлдириш 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ушланган. Одатда бундай турдаги жиноятлар учун 15 йилдан 25 йилгача ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади.
Туркияда эса яна бир ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди. Истанбулдаги чамадон фожеасини унутишга улгурмасимиздан яна бир даҳшатнинг дараги чиқди. Икки фарзанднинг онаси, 46 ёшли Дилафруз Чўлиева ишлаш учун Туркияга бориб, Баликесирнинг Бурҳония туманида яшаган. У ерда кекса ва бемор кишига қараган.
Аёл жорий йилнинг 21 январь куни бозорга чиқиш учун рухсат олган ва тўсатдан ғойиб бўлган. Уни тополмаган ўғли қидирувга берган. 2 март куни эса Туркиядаги ўрмонларнинг биридан таниб бўлмас даражадаги аёл жасади топилган. Эҳтимолларга таяниб ходимлар Дилафруз Чўлиеванинг яқинларини чақиртиришган. Улар мурдани кўргач кийимлар ва баъзи белгиларга таяниб, жасад унга тегишли эканини тасдиқлашган. Аёлнинг қотиллигида гумонланиб у билан яқин таниш эканлиги айтилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Ҳа, яна Ўзбекистон фуқароси.
Туркияда содир бўлаётган жиноятлар бир муҳим масалани ўртага ташлади.
Кўп ҳолатларда мигрантлар мақомида бўлган ўзбеклар ўзаро танишиб, Ўзбекистондаги яқинлари ёки оила аъзоларини огоҳлантирмасдан ўша ерда никоҳдан ўтиб, оила қуриш ҳолатлари сўнгги йилларда кескин кўпайган. Ҳа, бахтли бўлишга ҳаммани ҳақи бор. Бегона юртда ҳамма суянчиқ бўла оладиган жуфти билан яшашни хоҳлайди. Биологик жиҳатдан ҳам ҳамманинг ўз қараши ва ҳақиқатлари бор. Бироқ дуч келгани билан оила қуриб кетавериш ё учрашиб юриш тўғри эмаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга аллақачон айланиб бўлди.
Хориждан яна бир нохуш хабар ҳам шу 7 кунликда эълон қилинди. Ўзбекистонлик мактаб ўқувчиси АҚШда жинсий зўравонликка учраганини назарда тутяпмиз. У ўқув дастури орқали “орзулар мамлакати”га бориш имкониятини қўлга киритган.
Ўзбекистонлик Меҳрибон исмли қиз 2025 йилда FLEX дастури бўйича Ўзбекистондан танланган 60 нафар финалчидан бири бўлган. Бу – АҚШ ҳукумати томонидан тўлиқ молиялаштириладиган маданий алмашинув дастури бўлиб, у юқори синф ўқувчиларига бир ўқув йили давомида Америка мактабида бепул ўқиш ва қабул қилувчи оилада яшаш имконини беради.
Қизни Индиана штатидаги кичик шаҳарчада яшовчи, фарзандсиз мусиқа ўқитувчилари оиласи қабул қилган. Меҳрибоннинг ота-онаси ушбу оила билан видеомулоқот орқали танишган, эр-хотин илгари ҳам хорижлик болаларни қабул қилганини айтиб, ота-онада ишонч уйғотган.
Аммо афсуски, орадан бир ой ўтиб, қабул қилувчи оиладаги эркак қизга жинсий тегажоғлик қила бошлаган ва унга “тажриба орттиришни” таклиф қилган. Бу ҳақда қизнинг отаси – Азизбек Болтаев ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
“Қизим бўлган воқеани FLEX дастури координаторига айтди. Аммо дастур қизимни ҳимоя қилиш ўрнига уни бутунлай изоляция қилди. Қизимни дарҳол бошқа оилага кўчириб юборишди ва бу биз билан келишилмади. Бу хабарни менга кейинги куни (9 соатлик вақт фарқини ҳисобга олган ҳолда) Тошкентдаги FLEX офиси маълум қилди. Лекин қизим айнан қаерда ва ким билан эканини айтишмади”, дейди у.
Қизнинг отаси FLEX дастури раҳбариятига – Вашингтонга мактуб йўллаб, қизини бундай оилага жойлаштирганлик учун ким жавоб беришини, қандай чоралар кўрилишини ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун нима қилинишини сўраган. Унга: “Афсусдамиз, биз ваколатларимиз доирасида ҳаракат қилдик, дастур одатдагидек давом этади”, деган жавоб берилган.
“Бундай бефарқликдан сўнг мен қизимнинг зудлик билан Ўзбекистонга қайтирилишини талаб қилдим. Меҳрибон уйга қайтгач, АҚШ Давлат департаменти унга 10 ойлик дастурни атиги 1,5 ойда тугатган бўлса-да, “Alumni” (битирувчи) мақомини беришди. Лекин бу оғзимизни ёпиш учун берилган арзон тасалли эди, холос”, дейди Азизбек Болтаев.
Азизбек Болтаевнинг айтишича, унга келган хабарларга кўра, Меҳрибон билан боғлиқ воқеа ягона ҳолат эмас. У шундай вазиятга дуч келганлар бўлса, ўзи билан боғланишни сўрамоқда.
Вазиятни тасаввур қилдингиз-а? Ўсмир қиз, оиласидан анча узоқда, катта мақсадлар билан ўқиш учун бир давлатга келган. Бунақанги хунук ишлар бу ёшдаги қизга жуда катта ва оғир руҳий зарба бўлиши аниқ.
Ўзбекистон томонидаги масъуллар аввало бу каби ҳолатларни олдини олиш, яна такрорланмаслигини таъминлаш ва айбдорларга чора кўриш масаласида иккинчи томон расмийлари билан албатта жиддий гаплашиб олишлари керак!
Юқорида ўсмирларнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ мавзуга қисман тўхталган бўлдик. Айнан шу психологик жараён сабаб юзага келиши мумкин бўлган фалокатларга аниқ мисол Бухорода кузатилди. Бухоро шаҳрида 8-қаватдан ўзини ташламоқчи бўлган қизнинг видеолари пайдо бўлди.
Сакрашга ва ўз жонига қасд қилишга уринаётган, иккиланиш гирдобида қолиб қичқирган қиз 2009 йилда туғилган. Унинг таҳликали ҳолатини кўрган ФВБ ходими зудлик билан уни қутқаришга киришган. У қиз турган кўп қаватли уйнинг томига чиққан ва у билан суҳбатлашиб ортга қайтарган. Эътиборли томони, 17 ёшли қизнинг ҳаётини сақлаб қолган ходим ҳарбий психолог мутахассислигига эга бўлган. Ўсмир қиз ўша пайтда жудаям тушкун ҳолатда бўлганини маълум қилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аёлларга ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бугуннинг, бизнинг, “болажон” экани доимий эътирофга айланган, аёлларга “муқаддас” деб таъриф берилиши одатий бўлиб қолган жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталаридан. Аммо энди бу каби салбий ҳолатларни олдини олишга жиддий киришилди. Педифилия учун умрбод қамоқ жазоси берилиши бу йўлда ташланган энг катта қадам бўлди. Яна бир муҳим деб айтиш мумкин бўлган фармон ҳам президент томонидан имзоланди.
Давлат раҳбари ушбу фармонни “онгни ўзгартирадиган, адолатни ўрнатадиган ҳужжат” деб атади. Унга кўра энди аёллар ва болаларга қўл кўтарадиган одам ё Ўзбекистондан кўчиб кетади, ё қонун асосида яшашга мажбур бўлади. Бу ҳақда 6 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган байрам тадбирида сўз очди.
10 март – Халқаро аёл судьялар кунига бағишланган тантанали учрашув чоғида президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка муросасиз кураш бошланганини яна бир бор таъкидлади.
Болаларни ваҳший педофиллардан, ичиб келиб урадиган оталардан, ёки эрига жаҳл қилиб калтаклайдиган оналардан ҳимоя қилиш қонун билан мустаҳкамланиши албатта яхши. Аммо Тошкент вилоятида ҳеч ким ҳимоя қилиб қололмаган мактаб ўқувчисининг ўлими билан боғлиқ хабар дилни сиёҳ қилади. Ангрен шаҳрида мактаб ўқувчисини дайди ит талагани, тишлагани ва оқибатда болакай оғир жароҳатлар сабаб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Аммо дастлаб ушбу хабар расмий тасдиқланмаган. Бироқ ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан тезкор чора-тадбирлар ва ўрганиш ишлари бошлангани, шаҳар ва вилоят ҳудудида дайди ҳайвонларни назорат қилиш, уларни тутиш ҳамда белгиланган махсус жойларда сақлаш ишлари кучайтирилгани ҳақида вилоят ҳокимлиги расман маълум қилгач, “шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди” деб хулоса чиқарганлар кўп.
Ҳафта таҳлилини тайёрлашда мавзу моҳияти, содир бўлган воқеа-ҳодисанинг жамиятга алоқадорлик ва муҳимлилик даражасини инобатга оламиз. Шунчаки хабар сифатида эълон қилиш етарли бўлмаган вазиятларга тўхталамиз. Шунчаки мактабдан қайтаётган бола дайди итга таланиши, ундай итларнинг сони кўп бўлиши бу оддий фалокат эмас. У такрор содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисадир. Шу нуқтаи назардан Тошкент вилоят ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа масъуллар яна кимдирни итлар ғажиб ташламасидан олдин чора кўришлари шарт. Яна маҳаллий аҳоли ҳам итларга озуқа беришда эҳтиёткор бўлиши, ҳайвонлар тўдалашиб келишига сабабчи бўлиб қолмасликлари лозим.
Ўтган ҳафта кенг муҳокама қилинган ЙПХ ходимининг вафотига бу гал ҳам яна бир бор тўхталишга мажбурмиз. 16 ёшли, правасиз ўсмир уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлган кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси очилди ва унинг оиласига уй совға қилинди. Маросимда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, пойтахт жамоатчилиги, Ҳосилбекнинг сафдошлари ва оила аъзолари иштирок этди.
“Ички ишлар бош бошқармасида хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимлар лавҳи яна биттага кўпайди. Жасоратли ўғлонларнинг пок хотираси ёд этилиб, уларнинг пойига гулчамбарлар қўйилди. Ҳосилбек Эшназаровнинг порлоқ хотирасига эҳтиром кўрсатиш тадбири давомида Ички ишлар вазири томонидан унинг машаққатли хизмат фаолияти, Президент томонидан эътироф этилгани ва ҳар бир ходимга ўрнак бўлиши таъкидланди”, дейилади хабарда.
Энди марҳум Ҳосилбекнинг оиласи, фарзандлари ва ота-онаси ҳамиша давлат эътиборида бўлиб, ижтимоий муҳофазаси таъминлаб борилади. Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги 62-мактабда эса Ҳосилбек учун ёдгорлик барпо этилиши маълум қилинди.
Аввалроқ, давлат раҳбарининг ташаббуси билан Ҳосилбек Эшназаров юксак унвон “Жасорат” медали билан мукофотланганди.
Тадбирда Ички ишлар вазири томонидан ушбу медаль Ҳосилбекнинг отасига топширилди. Шу билан бирга Президент совғаси сифатида Эшназаровлар оиласига уч хонали уй тақдим этилган.
Ҳозирда ЙПХ ходимининг вафоти юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Жиноят иши доирасида ўсмир йигит Жиноят кодексининг 267-моддаси Транспорт воситасини олиб қочиш 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган.
Суднинг 28 февраль кунги ажрими билан гумонланувчи Турғуновга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов устидан назорат шахсан Бош прокурор томонидан ўрнатилган.
Live
Барчаси