Наманганда ер сотмоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ушланди
3-саҳифа
−
24 Апрель 3236 2 дақиқа
Наманган вилоятида 20 сотих ерни 23 минг долларга сотмоқчи бўлган ҳоким ёрдамчиси ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Ж.Х. Наманган вилояти ИИББ ЖҚБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига мурожаат қилган. Маълум бўлишича, Чуст тумани, “Тинчлик” МФЙда ҳоким ёрдамчиси Ф.Б. ариза муаллифи Ж.Х. га туманнинг “Садача” МФЙ, “Садача”кичик саноат зонасидан “З.А.М” хусусий корхонасига ишлаб чиқариш ташкил қилиш учун ижара асосида ажратилган жами 40 сотих ер майдонининг 20 сотихини 23 000 АҚШ долларига сотишини ҳамда кейинчалик ҳокимиятда ишловчи танишлари орқали ҳужжатларини расмийлаштириб беришни айтган. Мурожаатга асосан вилоят прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда ҳоким ёрдамчиси келишилган пул ҳисобидан бўнак (аванс) тариқасида 10 000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Чуст тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳоким ёрдамчиси ва етакчи мутахассис 1000 доллар пора олаётганида қўлга олинганди.
Live
Барчаси