НАТО Трампга Гренландия бўйича янги келишув таклиф қилди – CNN
Олам
−
20 Январь 5486 3 дақиқа
НАТО Бош котиби Марк Рютте АҚШ Президенти Дональд Трампга Гренландия масаласи бўйича янги келишув таклиф қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Таклиф Гренландияни АҚШ таркибига қўшиб олиш режасини бекор қилиб, 1951 йилдан бери амал қилаётган Мудофаа шартномасини қайта кўриб чиқишни, Хитой инвестицияларига нисбатан чекловлар ўрнатишни назарда тутади.
Рютте ўзининг дипломатик ташаббуси билан иттифоқчилар ўртасидаги таранг муносабатларни бир қадар юмшатишга, можаро ва урушларнинг олдини олишга ҳаракат қилган.
CNN манбаларининг хабар беришича, Трамп билан яқин муносабатда бўлган 3 европалик раҳбар – Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони масалани телефон орқали тинч йўл билан ҳал этишга ҳаракат қилган. Рютте шунингдек, Данияни қўшимча ҳарбий куч юбормасликка чақирган.
Гренландия Дания Қироллигининг автоном ҳудуди ҳисобланади. Трамп бир неча бор уни АҚШ таркибига қўшиб олиш нияти борлигини билдирган. Сабаб сифатида Россия ва Хитой тарафдан келиши мумкин бўлган хавфларни кўрсатган. Аммо “Financial times” нашрининг НАТО разведкасига таяниб хабар беришича, охирги йилларда Гренландия соҳилларида Россия ва Хитой кемаларининг ҳаракати кузатилмаган.
Гренландия Бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен орол Даниянинг бир қисми бўлиб қолишини айтган. Европа Иттифоқи эса Трампнинг бож таҳдидларига жавобан чора-тадбирларни кўриб чиқмоқда. АҚШ билан разведка маълумот алмашишни чеклаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Гренландия устидан назорат ўрнатиш режасини қўллаб-қувватламаган давлатлардан импорт қилинадиган товарларга нисбатан 10 фоизлик бож солишини эълон қилган эди. Гренландия атрофидаги вазият сабаб жорий йилнинг 22 январь куни Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити ўтказилиши режалаштирилган. Унда ЕИ давлатлари ва ҳукумат раҳбарлари Трампнинг Германия ва яна етти Европа давлатига нисбатан 10 фоизлик тарифлар жорий этиш таҳдидига умумий жавоб чораларини муҳокама қилади.
Бунгача АҚШ томонидан билдирилган иқтисодий таҳдидлардан сўнг Европа Парламенти аъзолари Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги трансатлантик савдо шартномасини ратификация қилиш жараёни тўхтатилиши мумкинлигини билдирган эди. Мазкур келишувга кўра, ЕИ АҚШ экспортига божларни бекор қилиши, эвазига эса АҚШ ЕИ импортига 15 фоизлик тариф жорий этиши кўзда тутилган.
Мазкур можаро Гренландия масаласида АҚШ ва Дания ўртасида юзага келган қарама-қаршиликлар билан боғлиқ. Ҳозирда Гренландия Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. Дания ва бошқа Европа расмийлари орол, аллақачон НАТОнинг коллектив мудофаа тизими билан ҳимояланганини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Гренландияда АҚШ ҳарбийларининг мавжудлиги 1951 йилда имзоланган келишув билан кафолатланган. Ушбу келишувга кўра, Вашингтон қўшимча қўшин юборишни истаса, Дания ҳукуматини шунчаки хабардор қилиши кифоя.
Live
БарчасиАлиев ишчи ташриф билан БААга борди
02 Февраль