Навоийда кучли сел: 4 та қишлоқ эвакуация қилинди, машиналар оқиб кетди (видео)

Жамият

image

Бугун, 21 май куни Навоий вилоятининг 3 туманига кучли сел келди. 4 та қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинди, машиналар оқиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, соат 13:45 дан 15:40 га қадар Навоий вилоятининг Хатирчи, Кармана ва Нурота туманларининг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида сел-сув оқимлари юзага келган. Хусусан, Хатирчи туманида автомобиль йўлининг бир қисми харсангтошлар билан тўсилиб қолиши оқибатида 4 та – Nexia-1, Cobalt, Nexia-3 ва Uaz-469 русумли автомобиллар ва бир нечта уй-жойлар сел оқимларидан зарар кўрган. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ангидон, Лангар, Каттасой ва Майдон сойлари яқинида яшовчи фуқаролар вақтинчалик хавфсиз ҳудудга кўчирилган.

Кармана туманида сел сувлари 7 та аҳоли хонадонининг томорқа майдони ва қўшимча қурилмаларига кирган. Нурота туманининг айрим ҳудудларида ҳам сел оқимлари қайд этилган. Сел сувлари сел йўлларидан зарарсиз ўқиб ўтган. Вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида жами 37 та махсус техника ва 173 нафар шахсий таркиб жалб этилган.

Ўрганишлар натижасига кўра, аҳоли хонадонлари, ижтимоий инфратузилма объектлари ва коммуникация тармоқларига жиддий зарар етмаган. Тан жароҳати олган фуқаролар тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Ҳозирда Навоий вилояти ФВБ ҳамда ФВДТ хизматлари томонидан тезкор чоралар кўрилиб, вазият оқибатларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Билдирилишича, айни пайтда вазият тўлиқ назоратга олинган бўлиб, ҳудудларда мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида кучли сел келиши оқибатида 25 ёшли йигит ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий сел эвакуация

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг