Непалда автобус дарёга қулаши оқибатида 17 киши ҳалок бўлди (видео)
3-саҳифа
−
23 Февраль 1614 1 дақиқа
Кеча, 22 февраль куни Непал пойтахти Катмандуга кетаётган автобус ҳалокатга учраб, камида 17 киши вафот этди, 24 киши эса турли даражада жароҳат олди. Бу ҳақда “The Himalayan Times” хабар берди.
Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, Покҳара шаҳридан Катмандуга кетаётган автобус Тишули дарёсига қулаб тушган. Непал Қуролли полиция кучлари маълумотига кўра, воқеа кеча, 22 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 19:45 атрофида содир бўлган.
Расмийлардан Бишну Прасад Бҳаттанинг билдиришича, ҳодиса жойида кенг кўламли қутқарув амалиёти олиб борилмоқда. Қутқарув ишларига хавфсизлик тузилмаларининг турли ходимлари жалб этилган. Марҳумларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этмоқда.
Жароҳатланган йўловчилар зудлик билан яқин атрофдаги шифохоналарга ётқизилган. Уларнинг айримлари оғир аҳволда экани айтилмоқда. Ҳозирча бахтсиз ҳодиса сабаблари аниқланмаган. Мутасадди органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоиз, Непалда йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез учраб туради. Мутахассислар буни мамлакатнинг тоғли ҳудудлари, инфратузилманинг етарли даражада ривожланмагани, транспорт воситаларининг эскирганлиги ҳамда хавфли йўл шароитлари билан изоҳлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой-Непал чегарасида жойлашган Эверест тоғининг узоқ Тибет ён-бағрларида мингга яқин одам қор бўронида қолиб кетганди.
Live
Барчаси