Нигерияда 200 дан ортиқ мактаб ўқувчиси ўғирлаб кетилди
Олам
−
22 Ноябрь 2793 2 дақиқа
Кеча, 21 ноябрь куни Нигерияда қуролланган одамлар католик интернат мактабига ҳужум қилиб, 200 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчини ўғирлаб кетди. Бу эса бир ҳафта ичида қайд этилган иккинчи ҳолат. Бу ҳақда Христианлар ассоциациясига таяниб, NBC News хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ҳужум мамлакатнинг ғарбидаги 12-17 ёшдаги болалар таҳсил оладиган Авлиё Мария ўрта мактабида содир бўлган. Номаълум шахслар 215 нафар ўқувчи ва 12 нафар ўқитувчини ўғирлаб кетган.
Нигер штати полицияси маълумотига кўра, ҳодиса эрталаб содир бўлган. Воқеа жойига ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари юборилган. Штат ҳокимияти эса маҳаллий муассасаларга хавф даражаси ошгани ҳақида разведка огоҳлантиришлари юборилганини маълум қилган.
“Авлиё Мария мактаби ўқув жараёнини қайта бошлаган бўлса-да, штат ҳукуматини хабардор қилмаган ва унинг рухсатини сўрамаган. Бу эса ўқувчилар ва ходимларни хавф остида қолдирди”, дейилади штат ҳукумати баёнотида.
Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳужум вақтида мактабда полиция ҳам, ҳукуматга қарашли қўриқлаш кучлари ҳам хавфсизликни таъминламаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суданнинг Эль-Фашир шаҳридаги туғуруқхонага қилинган ҳужумда 460 дан ортиқ бемор ва уларнинг ҳамроҳлари отиб ўлдирилганди. Бу воқеа ҳарбийлар сафига қўшилган исёнчилар томонидан 2000 дан ортиқ тинч аҳолининг ўлдирилганидан сўнг содир бўлган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ушбу туғуруқхона “бир ой ичида тўртинчи марта ҳужумга учрагани, битта ҳамшира ҳалок бўлгани ва уч тиббиёт ходими яраланганини” маълум қилган.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь