Нигерияда ўғирлаб кетилган 100 нафар ўқувчи қиз озод қилинди
Олам
−
08 Декабрь 3730 2 дақиқа
Нигерияда жангарилар томонидан ўғирлаб кетилган католик мактаб-интернатининг 100 нафар ўқувчи қизи озод қилинди ва улар Нигерия ҳукуматига топширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Channels Television” маҳаллий телеканали хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 8 декабрь куни 100 нафар бола Нигерия пойтахти Абужа шаҳрига етиб келган. Қизлар жангарилар асирлигидан қай тартибда озод этилгани ҳозирча номаълум.
“Мактаб жамоаси билан бирга ибодат қилдик ва уларнинг қайтишини кутдик. Аммо бизда расмий маълумот йўқ, федерал ҳукуматдан ҳам ҳали ҳеч қандай билдиришнома олганимиз йўқ”, деди мактаб вакили Даниэль Атори.
Нигериянинг шимоли-ғарбий ва марказий ҳудудларида бир неча йиллардан бери қуролли тўдалар одамларни тўлов эвазига ўғирлаб келмоқда. Бу ҳужумлар оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган. Жангарилар асосан бир нечта штатларни қамраб олган кенг ўрмонли ҳудудларда яширинишади.
Нигериядаги энг шов-шувли воқеалардан бири 2014 йил апрель ойида содир бўлган “Боко Ҳарам” террорчилик гуруҳи Чибок шаҳридаги ўрта мактабдан 276 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетгани эди. Кейинчалик уларнинг кўпчилиги террорчилардан қочишга муваффақ бўлган ёки музокаралар орқали озод этилган. Халқаро Амнистия маълумотларига кўра, 2024 йил ҳолатида ўша қизларнинг 82 нафари ҳали ҳам бедарак йўқолган.
Эслатиб ўтамиз, 22 ноябрь куни Нигериядаги Папири шаҳрида жойлашган мактаб-интернатидан 303 нафар ўқувчи ва 12 нафар ўқитувчи ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик асирларнинг 50 нафари қочишга муваффақ бўлганди.
Live
Барчаси