Новосибирскда бир ўзбекистонлик ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди
Олам
−
18 Октябрь 2603 2 дақиқа
Россиянинг Новосибирск вилоятида ўзбекистонлик ҳайдовчилар бошқарувидаги юк машиналари иштирокида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Маълумотга кўра, ҳодиса 16 октябрга ўтар кечаси соат 1:20 да Орда туманида содир бўлган. 39 ёшли аёл бошқарган Renault Sandero автомашинаси “Новосибирск – Кочки – Павлодар” йўлида ҳаракатланаётганида қарши йўналишга чиқиб кетган ва DAF юк машинасига урилган. Зарба оқибатида DAF ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарши томондан келаётган Volvo юк машинаси билан тўқнашган.
Олинган жароҳатлар оқибатида 42 ёшли ўзбекистонлик DAF ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Volvo ҳайдовчиси – 55 ёшли ўзбекистонлик эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Ижтимоий тармоқларда ЙТҲ оқибатлари акс этган видео тарқалган. Видеода ўзбек тилида сўзлаётган гувоҳ юк машиналарининг тўқнашувига гувоҳ бўлганини айтади. Кадрда DAF юк машинаси 85 (Навоий вилояти), Volvo эса 40 (Фарғона вилояти) рақамларига эга экани кўриниб турибди.
Ҳалок бўлган ҳайдовчи Новосибирск вилояти Орда тумани марказий туман шифохонаси моргида сақланмоқда. Шу шифохонада иккинчи жароҳат олган юк машинаси ҳайдовчиси ҳам даволанмоқда.
Ҳозирда ҳодиса жойида тергов-тезкор гуруҳи ва йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари ишламоқда, улар воқеа тафсилотларини аниқламоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур ҳолатни алоҳида назоратга олган ва Новосибирск вилояти Давлат автоинспекцияси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан доимий алоқада бўлиб турибди”, дейилади хабарда.