Озарбайжон Австрия ва Германияга газ етказиб беришни бошлади

Олам

image

Озарбайжоннинг SOCAR компанияси Австрия ва Германияга табиий газ етказиб беришни бошламоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

“2026 йил январидан бошлаб Озарбайжон гази Австрия ва Германия, шунингдек бошқа давлатлардаги харидорларга етказиб берилади”, дейилади баёнотда.

Гап ёқилғини Италия орқали Трансадриатик газ қувури (Trans Adriatic Pipeline, TAP – Жанубий газ йўлагининг Европа сегменти) орқали ташиш ҳақида бормоқда. Шу тариқа Озарбайжон газини харид қилаётган давлатлар сони 16 тага етади. Германия ва Австриядан ташқари озарбайжон гази Италия, Греция, Болгария, Руминия, Венгрия, Сербия, Словения, Хорватия, Словакия, Шимолий Македония, Украина, Туркия, Грузия ҳамда Сурия давлатларига етказиб берилмоқда.

Компания маълумотига кўра, Озарбайжон Президенти раҳбарлигида ишлаб чиқилган газ стратегиясига мувофиқ, SOCAR Европа ва Яқин Шарқда газ етказиб бериш фаолиятини изчил кенгайтириб бормоқда.

“Trend”нинг ёзишича, 2020 йил охирида TAP ишга туширилганидан буён ушбу йўналиш орқали Европага жами 54,3 миллиард куб метр газ етказиб берилган. 2025 йилда Озарбайжон газининг экспорти 25,2 миллиард куб метрни ташкил этган. Шундан 12,8 миллиард куб метри Европага, 9,6 миллиард куб метри Туркияга, 2,3 миллиард куб метри Грузияга ва 0,5 миллиард куб метри Сурияга экспорт қилинган. 

2025 йил ёзида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Сурияга Озарбайжон газини етказиб бериш бошланишини эълон қилган. У Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ҳокимиятга келган янги Сурия раҳбарияти билан тегишли келишувга эришган.

Шу даврда Украина ҳам Озарбайжондан газ етказиб беришни йўлга қўйишни истаган ва Бакуга ўзининг ерости газ омборларидан фойдаланишни таклиф қилган. 2024 йилда РБК Украина нашри Киев Озарбайжонни газ экспортчиси, Словакияни эса харидор сифатида жалб этган ҳолда, Россия газининг Украинадан Европага транзитига муқобил схема таклиф қилганини ёзган.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг