Озарбайжонда қон билан ёзилган мустақиллик курашига 36 йил тўлди (фоторепортаж)

Олам

image

Озарбайжон тарихида “Қонли январь” фожиаси номи билан кирган 1990 йил 20 январь воқеаларига 36 йил тўлди. Ушбу даҳшатли ҳодисалар Озарбайжон халқига қарши олиб борилган тизимли босим ва репрессия сиёсатининг яққол намунаси сифатида кўрилиб, миллий иродани синдириш ва жамиятда қўрқув муҳитини шакллантиришни кўзлаган сиёсат сифатида қабул қилинади. Мамлакатнинг “Azertac” нашри ушбу кун муносабати билан таҳлилий мақола эълон қилди. 

Хўш, аслида нима бўлган эди?  

XX аср давомида Озарбайжон халқи бир неча бор 20 январдаги каби тазйиқ ва таъқибларга дуч келган. 20 январь фожиаси, шунингдек, Қорабоғда сепаратизмнинг сунъий равишда авж олдирилиши, озарбайжонликларга қарши оммавий қирғинлар уюштирилиши ва уларнинг Арманистон ҳудудидаги ота-боболар юртларидан қувғун қилиниши ушбу сиёсатнинг изчил ва мақсадли тарзда амалга оширилганини яққол кўрсатади.


 
20 январь фожиаси Озарбайжон халқининг хотирасида чуқур қайғу билан бирга миллий ғурур рамзи сифатида муҳрланиб қолган. Қонли январь воқеалари халқнинг мустақиллик йўлидаги қатъий ва қайтмас иродасини намоён этади. Марҳумларнинг муқаддас қони билан ёзилган бу саҳифа Озарбайжон халқининг озодлик ва истиқлол курашининг тимсолига айланди.

СССР Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг Бош котиби Михаил Горбачёв кўрсатмасига биноан, собиқ СССР мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик қўмитаси ва ички ишлар вазирлигининг ҳарбий бўлинмалари 1990 йил 19 январдан 20 январга ўтар кечаси Баку шаҳри ва Озарбайжоннинг бир қатор ҳудудларига киритилди. Тинч аҳолига қарши амалга оширилган қуролли ҳужум оқибатида юзлаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди ва жароҳатланди. Бу ҳолат тоталитар совет режимининг жинояткор моҳиятини халқаро жамоатчиликка яна бир бор намойиш этди. Совет қўшинларининг Бакуга кириб бориши мислсиз шафқатсизлик ва ваҳшийлик билан кечди. Ҳатто фавқулодда ҳолат эълон қилинишидан олдин 82 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган, 20 киши оғир тан жароҳати олган эди. Бу воқеалар режими халқнинг озодлик ва мустақиллик йўлидаги иродасига нисбатан ҳеч қандай инсоний қадриятни тан олмаганини очиқ кўрсатди.

Ўша кечаси СССР раҳбариятининг кўрсатмаси билан Озарбайжон халқига нафрат руҳида йўғрилган 65 минг кишилик қўшин бўлинмалари, жумладан, асосан арман миллатига мансуб аскар ва зобитлар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз шаҳарга беш йўналишдан бостириб кирди. Танклар ва зирҳли техникалар йўлларида учраган автомобилларни, одамларни босиб ўтар, фарқсиз равишда ҳар кимга қарата ўқ узарди. 20 январь ва ундан кейинги бир неча кун ичида Баку, Нефтчала ва Ленкаран шаҳарларида 147 киши ҳалок бўлди, 744 киши яраланди ҳамда 800 дан ортиқ одам ҳибсга олинди.

“Одамларга яқин масофадан, алоҳида шафқатсизлик билан ўқ узилган. Масалан, Й.Мееровичга 21 марта, Д.Ханмаммадовга 10 мартадан ортиқ, Р.Рустамовга 23 марта ўқ теккан. Шифохоналар, тез ёрдам машиналари ўққа тутилган, шифокорлар ўлдирилган, одамлар санчқи-пичоқлар билан қатл этилган. Улар орасида икки кўзи кўр бўлган Б.Ефимцев ҳам бор эди. Оғирлик маркази ўзгартирилган, 5,45 калибрли Калашников ўқлари қўлланилган”, дея қайд этилган фожианинг кўлами ҳақида халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи “Шит” ташкилоти экспертлари ҳисоботида.

Бугун ушбу даҳшатли фожианинг минглаб тирик гувоҳлари бор. Империя қўшинларининг Озарбайжонда содир этган ҳарбий жиноятларининг аянчли оқибатлари ва халқнинг синмас иродасини акс эттирувчи энг муҳим далиллардан бири фотосуратлардир. Қонли Баку кечаси кўчаларда қолиб кетган бегуноҳ инсонларнинг жасадлари, марҳумларнинг дафн маросимидаги улкан издиҳом ва бошқа манзараларни акс эттирган суратлар ўша давр азоб-уқубатларини яна бир бор кўз ўнгимизга келтиради. 20 январь Озарбайжон тарихида ҳам фожиа, ҳам қаҳрамонлик намунаси сифатида абадий қолади. Шаҳидларнинг дафн маросимидаги издиҳом халқнинг чексиз қайғусини ифодалаш билан бирга, унинг миллий бирдамлиги ва озодлик йўлидаги бирлашиш қудратини ҳам намоён этади. Ўша даврда олинган суратлар бугун ҳам ана шу фахрли лаҳзаларни яшатиб келмоқда.

Йиллар ўтиши билан “Қонли январь” воқеаларига муносабат ҳам ўзгарди. Аввалига озарбайжонликлар фақат йиғлаб-сиқтаб шаҳидлар қабрига чиннигуллар қўйиш билан таскин топган бўлса, бугун уларнинг қалбларида чексиз фахр ва ифтихор туйғуси ҳам жўш урмоқда. Ўша қонли кунлар Озарбайжон халқининг тарихида ҳам фожиа, ҳам қаҳрамонлик ва мардлик саҳифаси сифатида битилди. Бу ҳодиса Озарбайжон миллий ўзлигининг шаклланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатди, давлат мустақиллигининг тикланишида бурилиш нуқтаси сифатида баҳоланди.

20 январь фожиасидан сўнг Озарбайжон тўлиқ ахборот блокадасига олинди. Ушбу блокадани ўша пайтда Москвада яшаган мамлакат умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев ёриб ўтди. Фожианинг эртасига – 21 январь куни у оила аъзолари билан бирга Озарбайжоннинг Москвадаги доимий ваколатхонасига бориб, халқ билан бирдамлигини намоён этди ва СССР раҳбариятининг бу қонли амалиётига кескин норозилик билдирди. У содир бўлган воқеаларнинг ҳуқуқ, демократия ва инсонпарварликка зид эканини таъкидлаб, ушбу жиноятга қарши бутун дунёга овозини кўтарди. Айнан шу баёнот туфайли халқаро ҳамжамият СССР раҳбариятининг Озарбайжон халқига қарши амалга оширган давлат терроридан хабардор бўлди.

1990 йил 20 ноябрда Нахчивон Мухтор Республикаси Олий Мажлиси сессиясида Ҳайдар Алиев 20 январь фожиасини Озарбайжон халқининг суверен ҳуқуқларига тажовуз сифатида баҳолаб шундай деган эди:

“19-20 январь воқеалари Совет Иттифоқи сиёсий раҳбариятининг, шахсан Горбачёвнинг оғир айби оқибатидир. Бу бир томондан унинг диктаторликка мойиллиги, иккинчи томондан эса Озарбайжон раҳбарларининг халққа хиёнати ва жиноятидир. Бу Озарбайжон халқига қарши қаратилган ҳарбий тажовуз, ҳақорат ва жиноятдир”.

21 ноябрь куни эса Нахчивон Мухтор Республикаси Олий Мажлиси 20 январь фожиасига илк бор сиёсий-ҳуқуқий баҳо берган ҳужжатни қабул қилди. Бу қарор халқ иродасининг ифодаси ва Ҳайдар Алиев қатъиятининг тарихий намунасига айланди.

Қонли воқеалардан сўнг Бакудаги Шаҳидлар хиёбони халқнинг муқаддас зиёратгоҳига айланди. Пойтахтнинг баланд нуқтасида жойлашган ушбу маскан умумхалқ қайғуси билан бирга, халқнинг мардлиги ва енгилмас иродасининг рамзидир.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон мустақиллик Баку Ҳайдар Алиев СССР Қорабоғ Қонли январь Шаҳидлар хиёбони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг