“Озодлик” радиосининг яшаб қолиши учун 5,5 млн евро ажратилди
Олам
−
21 Май 4592 2 дақиқа
Европа Иттифоқи (ЕИ) “Озод Европа/Озодлик радиоси” (RFE/RL) фаолиятини давом эттириш учун 5,5 миллион евро ажратади. Бу ҳақда кеча, 20 май куни ЕИнинг Ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ЕИга аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари “Озодлик радиоси”нинг “ҳаётий муҳим ишини” қўллаб-қувватлаш учун 5,5 миллион евролик шартнома тузишга келишиб олган. Каллас бу маблағни қисқа муддатли “фавқулодда молиявий ёрдам” деб атаган ва уни мустақил журналистикани сақлаб қолиш учун “хавфсизлик тармоғи” деб изоҳлаган.
Маълумот учун, “Озодлик” радиоси совуқ уруш даврида эфирга чиқа бошлаган. Унинг дастурлари Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Яқин Шарқдаги 23 мамлакатда 27 тилда, жумладан ўзбекчада трансляция қилинади. Ўзбек хизмати 1992 йининг 16 март куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган. Ташкилот бош қароргоҳи АҚШ пойтахти Вашингтонда жойлашган бўлса, ЕИнинг молиявий ёрдам излашдаги саъй-ҳаракатларига бошчилик қилаётган журналистлар идораси эса Чехияда.
Эслатиб ўтамиз, март ойида АҚШ Глобал оммавий ахборот воситалари агентлиги (USAGM) “Озодлик”ни молиялаштиришни тўхтатган эди. Бу қарор Президент Дональд Трампнинг давлат харажатларини қисқартириш сиёсати доирасида қабул қилинган. Ой якунида USAGM бу қарорни бекор қилган бўлса-да, тез орада рус тилидаги “Настоящее время” телеканалини трансляция қилаётган икки сунъий йўлдош оператори – Astra ва Eutelsat билан шартномаларни бекор қилди. 15 апрелдан бошлаб “Озодлик” радиосининг рус хизмати 1386 кГтс частотадаги ўрта тўлқинли эфирни тўхтатди.
Каллас ЕИ ташкилотнинг бутун дунё бўйлаб харажатларини тўлиқ қоплай олмаслигини тан олди, бироқ қўшни бўлган ва ташқи янгиликларга қаттиқ боғлиқ бўлган мамлакатларда фаолият юритишига ёрдам бера олишини билдирди. У, шунингдек, ЕИнинг 27 аъзо давлати келажакда “Озодлик радиоси”ни узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ маблағ ажратишига умид билдирди.
Ўзбекистон Ҳукумати 2005 йилда содир бўлган Андижон воқеалари ортидан “Озодлик” радиосининг аккредитацияни бекор қилган. Ўшандан буён, иккинчи маъмурият даврида ҳам “Озодлик” радиосининг мамлакат ичида фаолият юритишига рухсат берилмади.
Live
Барчаси