Patriot нима ва нега Украина унга шунчалик муҳтож?

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинага Patriot ракета тизимлари берилишини эълон қилгач, кеча-ю кундуз Россиянинг бомбардимонларидан азият чекaётган Киевда бу хабар мамнуният билан қарши олинди.

Президент Владимир Зеленский сўнгги ҳафталарда Москва томонидан Украина шаҳар ва қишлоқларига юборилаётган дрон ва ракеталар сони рекорд даражада ортгани учун Patriot тизимларини бир неча марта сўраган. Бироқ Трампнинг баёнотида аниқ тафсилотлар кам, Украинага нечта тизим берилгани, улар қачон етиб боради ва ким томонидан тақдим этилиши каби муҳим саволлар ҳали жавобсиз.

Бу нуфузли АҚШ ракета мудофаа тизими ҳақида маълум бўлган маълумотлар эса қуйидагича:

Юқори тоифадаги мудофаа

Patriot, тўлиқ номи “Phased Array Tracking Radar for Intercept on Target”, АҚШ қуролли кучларининг асосий ракета мудофаа тизимидир. Яқинда бу тизим ўз самарадорлигини яна бир бор исботлади – Қатардаги АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Ал-Удейд базасига йўлланган 14 та Эрон ракетасининг 13 таси айнан Patriot томонидан йўқ қилинди.

Patriot’нинг энг сўнгги моделлари қисқа масофали баллистик ракеталар, қанотли ракеталар ва дронларга қарши 15 км баландликда ва 35 км масофада кураш олиб бориш қобилиятига эга. Мутахассисларнинг айтишича, битта Patriot батареяси 100 дан 200 км² гача ҳудудни қамраб олиши мумкин – бу ҳудуддаги релъеф ва бошқа шарт-шароитларга боғлиқ. Лекин, умумий майдони 603 минг км² бўлган Украина учун бу жуда кичик ҳудуд ҳисобланади. Шу боис Киев бир нечта янги Patriot батареяларига муҳтож.

Битта батарея 6-8 та ракета ускунаси (ҳар бири 16 та перехватчикни олади), фазавий антеннали радар, бошқарув станцияси ва энергия манбасидан иборат бўлиб, ҳаммаси юк машиналари ва трейлерларда жойлаштирилади.

Patriot батареясини тахминан 90 нафар ҳарбий хизматчи бошқаради, бироқ жанг вақтида фақат 3 нафар жангчи назорат марказида тизимни бошқариши кифоя.

Қимматбаҳо технология

CSIS маълумотларига кўра, Patriot батареясининг тўлиқ жиҳозланган нархи бир миллиард доллардан ошиб кетади.

Битта перехватчик ракета тахминан 4 миллион долларга тушади. Бу эса нархи 50 минг доллар атрофида бўлган арзон Россия дронларига қарши фойдаланишни ноқулай қилади. Хусусан, сўнгги ҳужумларда Россия бир кечада юзлаб дрон юборганини ҳисобга олсак.

Охирги тақдимот бўйича, АҚШ расмийларининг айтишича, агар Европа НАТО иттифоқчиларидаги Patriot тизимлари Украинага берилса, уларнинг ўрнини кейинчалик АҚШда ишлаб чиқарилган янгилари билан тўлдириш мумкин.

“Reuters” хабарига кўра, Трамп бошқа давлатлар буюртма қилган 17 та батареядан баъзилари ёки ҳаммаси Украинага “жуда тез” етиб боришини айтган. IISS’нинг 2025 йилги “Ҳарбий мувозанат” ҳисоботига кўра, НАТОнинг олти давлати — Германия, Греция, Нидерландия, Польша, Руминия ва Испания — Patriot тизимларига эга.

“Мўъжиза қуроли” эмас

НАТО Бош котиби Марк Рютте кеча, 14 июль куни Германия, Финляндия, Дания, Швеция ва Норвегия Patriot каби янги қуролларнинг эҳтимолий етказиб берувчилари бўлиши мумкинлигини айтди, бироқ бу давлатлардан айнан Patriot юбориладими, деган саволга аниқ жавоб бермади.

АҚШ ҳарбийлари ичида ҳам Patriot захиралари етарли эмаслиги бўйича хавотирлар бор.

“Бу – биздаги энг талофатли куч бўғини”, деди АҚШ армияси бош штаб бошлиғи ўринбосари генерал Жеймс Мингус CSISдаги чиқишида.

Унинг таъкидлашича, Қатардаги Patriot бўлими 500 кундан бери минтақада фаолият юритмоқда ва “жуда-чарчаган куч бўғини”га айланган.

Украина ҳукуматининг айтишича, мамлакат ўзини Россиянинг кучайган ракетали ва дронли ҳужумларидан ҳимоя қилиш учун яна 10 та Patriot батареясига муҳтож. Ҳозирча Киев 6 та тўлиқ ишлайдиган Patriot батареясини қабул қилиб олган – иккитаси АҚШдан, иккитаси Германиядан, бири Руминиядан ва яна бири Германия ҳамда Нидерландия томонидан қўшма тарзда берилган (Action on Armed Violence маълумотига кўра).

Етарлими?

Мутахассислар Patriot тизимлари Россиянинг Украинадаги босқинини тўхтата олмайди, деб ҳисоблайди. АҚШ армияси генерали ва НАТОнинг собиқ Олий қўмондони Уэсли Кларк CNN телеканалига берган интервьюсида, ҳақиқий таъсирга эга бўлиши учун Украинага фақат ҳаво мудофааси эмас, балки кенг қамровли қуроллар кераклигини айтди.

“Агар сиз буни тўхтатмоқчи бўлсангиз, Россияни нишонга олинг ва чуқур зарба беринг. Келиб урилаётган ўқни эмас, уни отаётган ўқчига зарба бериш керак”, деди Кларк.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия Дональд Трамп Украина Владимир Зеленский Patriot

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг