Пингвинлар океан ифлосланишини баҳолашда ёрдам бера бошлади
Бу қизиқ
−
06 Июнь 1421 2 дақиқа
Олимлар сайёранинг энг чекка ҳудудларидан бирида ҳам PFAS – хавфли “абадий кимёвий моддалар”ни аниқлади. Токсик моддаларнинг излари Аргентина Патагониясидаги мададкор қушлар – Магеллан пингвинлари ёрдамида топилган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, одатдаги лаборатория усуллари ўрнига олимлар пингвинларнинг ўзидан “тирик тадқиқотчилар” сифатида фойдаланишга қарор қилган. 55 та қушнинг оёғига махсус силикон сенсорлар маҳкамланган, улар қушлар сузиш ва ов қилиш жараёнида кимёвий моддалар изини йиғиб борган.
Бир неча кундан кейин датчиклар ечиб олиниб, таҳлил қилиш учун юборилган. Натижа хавотирли бўлиб чиққан: намуналарнинг 90 фоиздан ортиғида PFAS моддалари топилган.
Гап “абадий кимёвий моддалар” сифатида танилган синтетик моддалар гуруҳи ҳақида кетмоқда. Улардан куйишга қарши идишлар, сув ўтказмайдиган кийимлар, қадоқлаш материаллари, ёнғинни ўчириш кўпиклари ва бошқа саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Муаммо шундаки, PFAS табиатда деярли парчаланмайди ва одамлар ҳамда ҳайвонлар организмида тўпланиб бориши мумкин.
Баъзи тадқиқотлар ушбу моддаларни онкологик касалликлар хавфининг ошиши, иммунитет тизими, қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши ва репродуктив саломатликка зарар етиши билан боғлайди.
Тадқиқотчиларда айниқса катта хавотир уйғотган нарса шу бўлдики, Патагонияда экологларга анчадан бери маълум бўлган эски турдаги PFAS эмас, балки саноатда илгари “хавфсизроқ” муқобил сифатида тақдим этилган янги кимёвий бирикмалар ҳам топилган.
Олимларнинг фикрича, бу натижалар ифлосланишнинг глобал миқёсда эканини кўрсатмоқда. Ҳатто узоқ вақт давомида инсон оёғи етмаган деб ҳисобланган ҳудудлар ҳам аллақачон саноат кимёсининг таъсирига учраб улгурган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар ушбу усулнинг ўзини муҳим ютуқ деб атамоқда. Ифлосланишни ўрганишнинг анъанавий усулларидан фарқли ўлароқ (бунда ҳайвонлардан қон ёки тўқима намуналари олинади), янги технология қушларга деярли ҳеч қандай зарар етказмасдан маълумот йиғиш имконини беради. Иш муаллифларининг сўзларига кўра, пингвинлар амалда океандаги токсик моддалар тарқалиши харитасини тузишга ўзлари ёрдам берган. Бундан ташқари, ушбу усулни бошқа денгиз жонзотлари турларига ҳам татбиқ этиш мумкин, бу эса “абадий кимёвий моддалар” тарқалишини кузатувчи глобал мониторинг тармоғини яратишга хизмат қилади.
Live
Барчаси