Покистон Афғонистонга зарба берди: ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган (видео)

Олам

image

Покистон Афғонистон ҳудудига бир нечта ҳаво зарбаси берган. “Толибон” маълумотига кўра, ҳужумлар оқибатида ўнлаб одамлар, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Бу ҳақда BBC ёзди.

Исломобод эса зарбалар чегара яқинидаги еттита “террористик лагер ва яширингоҳ”ни нишонга олганини билдирган. Расмийларга кўра, операция сўнгги пайтларда Покистонда содир этилган худкушлик ҳужумларига жавоб сифатида амалга оширилган.

“Толибон” Мудофаа вазирлиги зарбалар Нангарҳор ва Пактика вилоятларидаги тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга қаратилганини маълум қилган. Масалан, Шаҳобиддин исмли шахснинг уйи вайрон қилинган ва тахминан 20 нафар оила аъзоси, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлгани айтилмоқда. Афғонистон ҳукумати ҳужумларни “мамлакат ҳудудий яхлитлигига очиқ тажовуз” деб баҳолаб, халқаро ҳуқуқ бузилганини иддао қилган.

Покистон Ахборот вазирлиги баёнотига кўра, зарбалар “разведкага асосланган аниқ нишонларга” қаратилган. Улар орасида тақиқланган “Теҳрик-и-Толибон Покистон” (ТТП), унинг шериклари ва “Исломий давлат – Хуросон вилояти” гуруҳи аъзолари борлиги айтилган.

Исломобод Афғонистондаги ҳукуматни мазкур гуруҳларга қарши чора кўрмасликда айблаб, “ҳужумлар раҳбарият кўрсатмаси билан амалга оширилгани ҳақида ишончли далиллар бор”лигини таъкидлаган.

Музокараларга қарамай янги кескинлик

Зарбалар октябрь ойидаги қонли чегара тўқнашувларидан сўнг эришилган нозик сулҳ фонида амалга оширилган. Ўша пайтда энг йирик тўқнашувлардан кейин ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган эди, аммо шундан бери алоҳида можаролар давом этмоқда. Яқинда Саудия Арабистони воситачилигида ўтган музокаралар натижасида октябрдаги тўқнашувларда қўлга олинган уч нафар покистонлик аскар озод этилган эди.

“Толибон” Покистонни диний муассасалар ва тинч аҳолига зарба беришда айблаб, “ўз вақтида муносиб жавоб” беришини огоҳлантирган.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги 2 574 километрлик тоғли чегара йиллардан бери хавфсизлик нуқтаи назаридан энг мураккаб ҳудудлардан бири бўлиб келмоқда. Янги зарбалар эса икки давлат муносабатларида яна бир хавфли босқични бошлаб бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 17 февраль куни Покистоннинг Хайбер Пахтунхва вилояти Бажаур туманида жойлашган назорат пунктига ҳужум уюштирилган эди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Покистон Толибон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг