Покистонда 3 қаватли уй портлаб кетди. 16 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
19 Февраль 1406 2 дақиқа
Покистоннинг Карачи шаҳридаги уч қаватли тураржой биносида кучли портлаш фожиага олиб келди. Ҳодиса оқибатида 16 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда GZT хабар берди.
Маълум бўлишича, портлаш бугун, 19 февраль куни 04:15 ларда “Soldier Bazaar”нинг Гул Рана колонияси ҳудудидаги тураржойда содир бўлган. Жароҳатланганлар ва марҳумлар фуқаролик шифохонасига ётқизилган.
Полиция бошлиғи ёрдамчиси Жамшид Ашернинг айтишича, ҳодиса уч қаватли уйнинг биринчи қаватида газ портлаши оқибатида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Уларнинг орасида аёллар ва болалар ҳам бўлган. Жасадлар вайроналар остида қолиб кетган. Бундан ташқари, 14 киши жароҳатлангани ва баъзиларининг аҳволи оғир.
Полиция газ сизишини текшираётганини билдирган. Воқеа жойини кўздан кечираётган хавфсизлик ходимлари портлашнинг дастлабки белгилари бинонинг газ тизимида носозлик борлигига ишора қилаётганини аниқлаган.
Портлаш оқибатида яқин атрофдаги бошқа иншоотлар ва транспорт воситалари ҳам зарар кўрган. Покистон ҳукумати фожиа юзасидан бир қатор баёнотлар берган. Синд бош вазири Мурод Али Шоҳ воқеадан чуқур қайғуда эканлигини билдирган ва портлашнинг аниқ сабабини аниқлаш учун кенг қамровли тергов ўтказишни буюрган.
Покистон Президенти Асиф Али Зардори ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдириб, вилоят ҳукуматидан шунга ўхшаш фожиаларнинг қайта такрорланишининг олдини олиш учун хавфсизлик чоралари ва назоратни кучайтиришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Исломобод шаҳридаги масжидда портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳодиса оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлиб, 169 киши жароҳат олган эди.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль
Трамп Орбанга ўзининг паноҳидалигини айтди
19 Февраль