Португалияда ҳам бурқа ва ниқоб тақиқланиши мумкин
Олам
−
18 Октябрь 2329 2 дақиқа
Португалия парламенти жамоат жойларида юзни ёпиб турувчи кийим, жумладан, бурқа ва ниқоб кийишни тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
У ўта ўнгчи “Чега” партияси томонидан таклиф қилинган. Партия ўз қонун лойиҳасида юзини яшириш аёлларнинг эркинлик, тенглик каби тамойилларга мос келмаслигини айтган. Бироқ сўл партия аъзолари бу фикрга қўшилмаган.
Ҳужжатда “жинсий ёки диний сабабларга кўра” ниқоб кийиш ҳақида сўз боради. Журналистларнинг фикрича, қоидабузарликлар учун жарима миқдори 200 евродан 4000 еврогача бўлади. Шунингдек, диний либосларни мажбуран кийиш учун ҳам уч йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида истиснолар кўзда тутилган: одамлар самолёт бортида, дипломатик ваколатхоналарда ва диний ибодатхоналарда юзларини ёпиб қўйиши мумкин. Қонун лойиҳаси Президент Марселу Ребелу де Соузага имзолаш учун юборилган. Журналистларнинг аниқлик киритишича, Президент унга вето қўйиб, уни қўшимча текшириш учун Конституциявий судга юбориши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Португалияда бундай кийимларни киядиган аёллар кўп эмас. Аммо исломий рўмол масаласи Европанинг бошқа мамлакатларидаги каби баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия Бош вазири Жоржия Мелони раҳбарлик қилаётган “Италия биродарлари” (Fratelli d’Italia, FDI) партияси парламентга бурқа, ниқоб ва паранжини жамоат жойларида кийишни тақиқлаш ҳамда масжидларни молиялаштириш устидан назоратни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритганди.