Президент инфляцияни 6-6,5 фоиз даражасида ушлаб туришни топширди
Жамият
−
30 Март 2503 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёевга 2026 йилнинг биринчи чорагида иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини таъминлаш ҳамда жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан ахборот берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи икки ойида саноат 7,7 фоизга, хизматлар 15,4 фоизга ўсди, 3,5 миллиард долларлик экспорт амалга оширилди ва 8,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинган.
Йил бошидан 9 та вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан қўшимча 2,3 триллион сўм ва 500 миллион доллар маблағ йўналтирилган. “Янги Ўзбекистон қиёфаси” мақоми берилган 33 та туман ва 330 та маҳалла учун маҳаллий бюджетларга 3,9 триллион сўм ажратилган. Оғир тоифадаги 37 та туман ва 903 та маҳаллага жами 3,9 триллион сўм ҳамда маҳаллий бюджетлардан 1,3 триллион сўм, 283 та “драйвер” лойиҳаларга биринчи босқичда 1 триллион сўм ажратилди.
Йил якунига қадар гавжум кўчалар, соҳилбўйи ва йўлбўйи инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун жами 1,2 триллион сўм, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 450 миллиард сўм, 400 та маҳаллада 50 та микросаноат марказларини ташкил қилиш учун 150 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Шу билан бирга, қисқа вақт ичида дунёдаги вазият кескин ўзгариб, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлиги, ташқи савдо йўлаклари ва импорт нархларига қўшимча босим юзага келтираётгани таъкидланган. Бундай шароитда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари вазиятни олдиндан баҳолаб, турли сценарийлар асосида проактив ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Инфляцияни жорий йилда 6-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг кескин қимматлаши транспорт ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир кўрсатаётгани, полиэтилен ва полипропилен нархларида ҳам ўсиш кузатилаётгани айтилган. Шу боис, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти, транспорт-логистика масалалари ва муқобил йўлаклардан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилган.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг хомашё, бозор ва кредит билан боғлиқ муаммоларини ҳозирдан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланган.
Экспортчилар томонидан кўтарилаётган асосий масалалардан бири транспорт-логистика экани, жаҳонда рўй бераётган воқеалар таъсирида экспорт юк ташишларида узилишлар ва қимматлашув жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланган.
Шу муносабат билан қўшни давлатлар билан транспорт ва савдо масалалари бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини авиаташув орқали экспорт қилиш ва тадбиркорлар учун арзонлаштирилган тарифларни жорий этиш чораларини кўриш топширилган.
Хорижий инвестициялар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилган. Таҳликали халқаро вазият айрим лойиҳалар ижросига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билдирилган. Шу муносабат билан амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳани мунтазам таҳлил қилиб бориш ва инвесторлар билан кунлик мулоқот ўрнатиш вазифаси белгиланган.
Банк-молия соҳасида бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитлар динамикаси ҳам кўриб чиқилган.
Давлат раҳбари жорий рақамлар ижобий бўлишига қарамасдан, ҳеч бир раҳбар хотиржамликка берилиши мумкин эмаслигини таъкидлаган. Ҳозирги мураккаб вазиятда хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш, уларни юмшатиш бўйича аниқ режалар билан ишлаш, тармоқлар ва ҳудудларда муаммоларни кутиб ўтирмасдан, уларга тезкор ечим топиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Масъулларга инфляцияни жиловлаш, саноат ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, банк тизими ва қурилиш дастурларидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилган.
Live
Барчаси