Путин 2036 йилгача Россиянинг миллий сиёсати қандай бўлишини белгилади
Олам
−
26 Ноябрь 4086 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин 2036 йилгача бўлган даврда Россия Федерациясининг давлат миллий сиёсати стратегиясини тасдиқлади. Ҳужжат 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Стратегия 6 та бўлим, 61 та банддан иборат. Умумий қоидалардан ташқари, ҳужжатда Россиядаги миллатлараро ва элатлараро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида умумий маълумот берилган. Стратегиянинг бошқа боблари давлат миллий сиёсатининг мақсадлари, тамойиллари ва устувор йўналишларига, шунингдек, Россия Федерацияси минтақаларида миллий сиёсатни амалга ошириш, стратегиянинг босқичлари ва мақсадли кўрсаткичларига бағишланган.
Хусусан, ҳужжатда таъкидланганидек, стратегияни амалга ошириш Россия Федерациясининг тарихан шаклланган давлат бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлашга, унинг ички барқарорлигига, Россия Федерацияси халқларининг уйғун ривожланиши ва фаровонлигига, ўзига хос цивилизация давлати асоси сифатида Россия Федерациясининг кўп миллатли халқи бирлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши керак.
Россия Федерациясининг олдинги Миллий давлат сиёсати стратегияси 2012 йилда 2025 йилгача бўлган давр учун қабул қилинган. Унга икки марта – 2018 ва 2024 йилларда ўзгартиришлар киритилган. Янги стратегия (37 банддан иборат) мақсадли кўрсаткичлар ва кутилаётган натижалар бўйича аввалгисига қараганда кенгроқ. Улар орасида умумроссия фуқаролик ўзлигини англаш даражаси – 2036 йилга келиб камида 95%, тарих, маданият ва қадриятлар муштараклигини тан олиш асосида шаклланган фуқаролик ўзини ўзи англаш ва бирдамликнинг юқори даражаси, миллий (этник) ва диний асосдаги можаролар сонининг камайиши кабилар бор.
Янги стратегиядан фарқли ўлароқ, аввалги Стратегияда “цивилизация давлати” атамаси мавжуд эмас эди, аммо илгари бу таъриф Путин томонидан 2024 йилда тасдиқланган Россия Федерациясининг тарихий таълим соҳасидаги давлат сиёсати асосларида ҳам тилга олинган.
Путин ҳукуматга ҳужжатни амалга ошириш режасини тасдиқлаш вазифасини топширди ва минтақалар ҳокимияти ҳамда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига қоидаларга амал қилишни тавсия қилди.