“Реал Мадрид” ўтган мавсумда рекорд даромадга эришди – ОАВ

Спорт

image

Испаниянинг “Реал Мадрид” жамоаси 2025-2026 йилги мавсум учун ўз тарихидаги энг катта  1,248 миллиард евролик бюджетни тасдиқлашни режалаштирмоқда. Бу рақам трансферларни ҳисобга олмаганда, клубнинг оддий даромадларини ифодалайди. Бу ҳақда “Марcа” нашри хабар берди.

Манбага кўра, мазкур бюджет жорий йилнинг 23 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеяда аъзоларга тақдим этилади. Клубнинг сўнгги йиллардаги молиявий ўсиши асосан “Сантьяго Бернабеу” стадионининг янгиланган иқтисодий модели билан боғлиқ.

Клубнинг даромади 2024-2025 молиявий йил якунларига нисбатан 63,5 миллион еврога (+5%) ошган. “Реал Мадрид” раҳбарияти таъкидлашича, бу ўсиш икки асосий омилга таянади:

1.      “Сантьяго Бернабеу” стадионининг тўлиқ ишлаши;

2.      Янги тижорат келишувларининг кенгайиши.

Клуб маълумотига кўра, янгиланган “Бернабеу” энди спорт тақвимига боғлиқ бўлмаган ҳолда доимий даромад келтирувчи молиявий двигателга айланган.

2024-2025 йилнинг ўзида стадионнинг янги корхоналари клубга 79,1 миллион евро даромад келтирган. Ушбу маблағ қуйидагича тақсимланган:     

  •  Туристлар  сафари – 52,6 миллион евро,
  •  Тадбирлар ва концертлар – 15,4 миллион евро,
  •  Ресторанлар – 10,3 миллион евро.

Бу натижаларга стадион ҳали тўлиқ қувватда ишламаётган пайтда эришилган. 2025-2026 мавсумда эса клуб озиқ-овқат зоналарининг тўлиқ ишга туширилиши, VIP жойларнинг тўлиқ фаоллашуви ва халқаро тадбирлар сонининг ортиши ҳисобига янада катта ўсишни кутмоқда.

1,248 миллиард евролик бюджет “Реал Мадрид”нинг спортдан ташқари бизнес моделини қай даражада самарали йўлга қўйганини ва машҳур стадион эндиликда ўйинлар бўлмаган пайтда ҳам даромад келтира олишини яққол кўрсатади.

Маълумот учун, “Реал Мадрид” айни дамда Испания Ла Лигасида 30 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

бюджет “Реал Мадрид” “Сантьяго Бернабеу”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг