Президент Олий суд раислигига Робахон Маҳмудова номзодини кўрсатди
Жамият
−
18 Июнь 6447 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Робахон Анваровна Маҳмудовани Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига сайлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдимнома киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби хабар берди.
Маълумот учун, Робахон Анваровна Маҳмудова –Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгашининг раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Адолат” СДП фракцияси раҳбари.
1958 йил 9 ноябрда Фарғона вилоятининг Фарғона туманида зиёлилар оиласида туғилган. 1983 йилда Тошкент давлат университетининг “Ҳуқуқшунослик” факультетини тугатган. Меҳнат фаолияти давомида Фарғона вилояти Халқ қабулхонаси мудири, Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимларида ишлаган. 2023 йилда у “Адолат” партиясидан навбатдан ташқари президент сайловида иштирок этган ва 4,43 фоиз овоз тўплаб, давлат раҳбари этиб қайта сайланган Шавкат Мирзиёевдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Сайловолди кампанияси ва сайловлар даврида унинг судьялик ваколатлари тўхтатиб турилган.
Live
Барчаси