Россия 2 шаҳарни эгаллаганини даъво қилди, Украина буни инкор этмоқда
Олам
−
02 Декабрь 6296 3 дақиқа
Россия қўшинлари Украинанинг Донецк ва Харьков вилоятларида жойлашган Покровск ва Волчанск шаҳарларини эгаллаган. Бу ҳақда Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 30 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинадаги Россия қўшинларининг Бирлашган гуруҳ қўмондонлиги пунктига ташрифи чоғида ҳисобот берган.
Герасимовнинг ҳисоботи ҳақидаги маълумотни Президент матбуот котиби Дмитрий Песков 1 декабрь куни эълон қилди.

Кремль сайтида қайд этилишича, “Марказ” ва “Шарқ” ҳарбий гуруҳлари қўмондонлари Валерий Солодчук ва Андрей Иванаев Путинга Донецк вилоятидаги Мирноград шаҳрининг жанубий қисми назоратга олингани ва Запорожье вилоятидаги Гуляйполе шаҳрини эгаллаш операцияси бошлангани ҳақида ҳам маълумот берган.
Шу билан бирга, Украина Қуролли кучлари Бош штаби кундалик кечки ҳисоботида Покровск йўналишида жанглар ҳали ҳам давом этаётганини билдирди.
“Кун давомида Покровск йўналишида душман Новое Шахово, Дорожное, Никаноровка, Белицкое, Шахово, Родинское, Мирноград, Новоэкономическое, Ровно, Покровск, Зверовое, Котлино, Удачное, Молодецкое, Новоподгородное, Филия аҳоли пункти яқинларида ва Гришино йўналишида 49 та штурм ва ҳужум амалга оширди. Ҳозирда жанглар бешта локацияда давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Ҳисоботда Волчанск атрофидаги жанглар ҳам тилга олинган. Украина қўшинларининг янги позицияларга чекиниши ҳақида эса маълумот берилмаган.
Украина Президенти Владимир Зеленский Франция Президенти Эммануэль Макрон билан Париждаги учрашувдан сўнг 1 декабрь куни Покровск ва Волчанск эгаллангани ҳақидаги Россия баёнотларини рад этди. Шу билан бирга, у Покровскдаги ва бошқа йўналишлардаги вазият “мушкуллигича қолмоқда”, деб таъкидлади.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко Россия томонининг бу баёнотларини “Ғарб аудиторияси учун дипломатик босимни ошириш” деб атади. Коваленкога кўра, Волчанск ҳали ҳам Украина Қуролли кучлари назоратида, худди Харьков вилоятидаги Купянск шаҳри каби. Герасимов олдинроқ Купянск “эгаллангани” ҳақида ҳам Путинга ҳисобот берган эди.
OSINT-лойиҳаларининг фронт чизиқларидаги ўзгаришларни кузатиш хариталарига кўра, Волчанск ҳам, Покровск ҳам Россия армияси томонидан тўлиқ эгалланмаган. Бироқ Украинадаги OSINT-лойиҳаси DeepState аввалроқ Россия қўшинларининг Украина ҳудудларини эгаллаш суръати тезлашганини хабар қилган эди.

Уларнинг маълумотларига кўра, ноябрь ойи бошларида Россия қўшинлари бир ҳафтага етмас вақтда Украинада 134 квадрат километр ҳудудни эгаллаган – бу октябрь ойидаги кўрсаткичдан икки баробар кўп.
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) баҳолашича, Покровск йўналишида Россия қўшинларининг илгарилашига асосий омил – Украина армияси логистикасини дронлар ёрдамида бир неча ой давомида издан чиқариш стратегияси бўлган.
“Покровск ва Гуляйполе йўналишида Россия армияси ҳаракатларига туман ва ёмғир каби иқлим шароити ҳам ёрдам берган”, дейилади 15 ноябрь воқеалар таҳлилида.
Live
Барчаси