Россия Марказий Осиёда ҳам ҳарбий операция ўтказади(ми?)
Таҳлил
−
13 Январь 7589 7 дақиқа
РОССИЯ МАРКАЗИЙ ОСИЁНИ ҲАМ "ЭГАЛЛАШИ" КЕРАК
“Россия Украинага қилган ҳужуми каби ҳарбий амалиётни Марказий Осиёда ҳам ўтказиши керак!” Ҳа, нотўғри эшитмадингиз. Россиялик ўзини журналист деб атовчи шахс биз ва қўшниларимизга ҳужум қилиш кераклигини дангал, яна телевидение орқали айтмоқда.
Россиялик машҳур телебошловчи, Кремлга яқин асосий пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Арманистон ҳамда Марказий Осиё Россия учун Сурия ёки Венесуеладан кўра, анча муҳим эканини таъкидлаб, уларни йўқотиш Москва учун “улкан муаммо” бўлишини айтди. Соловьев бу ҳудудларда ҳам Украинада бўлгани каби “махсус ҳарбий операция” ўтказишга чақирди.
“Ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ шакллантиришимиз керак. Очиқ айтишимиз лозим: ўйинлар тугади. Халқаро ҳуқуқ ҳам, халқаро тартиб ҳам биз учун аҳамиятсиз. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида махсус ҳарбий операцияни бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, нима учун биз ўз таъсир зонамиздаги бошқа ҳудудларда ҳам махсус ҳарбий операцияларни бошлай олмаслигимиз керак?”, деган у.
Сўзларга эътибор бердингизми? Таъсир зонамиздаги деб очиқчасига айтмоқда. Бу жиддий сигнал. Уруш ёки зиддиятнинг старти ўқ узилиши ёки бомба портлашидан аввал мана шундай медиа ўйинлар, чиқишлар, баёнотлар орқали бошланиши аллақачон нормал ҳолатга келди.
“Соловьёв LIVE” кўрсатувида ўз фикрини билдирган мавжудот бундан ташқари, Марказий Осиёни “бизнинг Осиё” деб атаб, минтақада юзага келиши мумкин бўлган муаммолар Россия миллий хавфсизлигига жиддий хавф туғдиришини иддао қилди. Ушбу шахс ўз чиқишида Россия раҳбариятини халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартиб масалаларини эътиборсиз қолдиришга чақириб, “ўйин тугагани”ни айтди.
“Ўз миллий доктринамизни шакллантириб, аниқ айтишимиз керак: таъсир зонамиз қаерларгача чўзилади? Шунда ҳаммаси равшан бўлади. Ҳаммаси тушунарли бўлади. “Чўчқаларга марварид сочиш”ни тўхтатишимиз ва Европада нима деб ўйлашларини бизга фарқи йўқлигини очиқ айтишимиз керак”, деган Соловьёв.
Мутлақо мустақил давлатлар ҳақида гапираётганини унутган Соловьёв, кўпчилик томонидан “беъмани” дея таърифланаётган нутқи давомида яна халқаро ҳуқуқларни бир тийинга олмаслигини англатувчи гапларни айтди.
Россия “украиналикларга нисбатан шафқат қилишни тўхтатиш кераклиги”ни таъкидлаб, урушнинг дастлабки ҳафталаридаёқ шафқатсиз чоралар кўрилганида, можаро тезроқ якунланган ва камроқ талафот бўларди, дея иддао қилди.
РУС ПРОПАГАНДАСИ ЯНА АВЖ ОЛДИ
Россиялик медиа вакиллари, сиёсатчилар ва таниқли шахслар томонидан бундай ҳурматсизлик руҳидаги гаплар биринчи марта айтилаётгани йўқ! 2023 йилда “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишни таклиф қилган эди.
Матбуот анжуманида қатнашаётганлар эса унинг гапини қарсаклар билан қўллаб-қувватлаганди. Бу эса табийки, фақат бир амалдор эмас жуда кўпчилик Марказий Осиё давлатларини ўзига қўшиб олишни оқлашини ва хоҳлашини англатади.
Рус пропагандасида юқoридаги каби вазиятларнинг мантиқий давом этиши кўп учрайди. Мисол учун НТВ телеканалидаги ток-шоуда Михаил Смолин исмли "тарихчи" дея Россияда тан олинувчи шахс 1917 йилги инқилобгача ўзбеклар халқ сифатида мавжуд бўлмагани ҳақида гапирганди. 2024 йил 21 январь куни Владимир Ильич Ленин вафот этганига 100 йил тўлиши муносабати билан “Учрашув жойи” ток-шоусида рус шовинист тарихчиси Михаил Смолин "инқилобдан олдин озарбайжон, ўзбек ва қозоқлар ҳеч қачон бўлмаган", деган даъво билан чиқди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги номидан гапирувчи Мария Заҳарова ҳам Ўзбекистондаги рус тили билан боғлиқ вазиятларда ўзининг бир томонлама айбловчи хулосаларини эълон қилиши билан ёдимизда қолган.
2024 йил cентябрь ойида Тошкент шаҳридаги мактаблардан биридаги рус тили дарсида ўқитувчи ўқувчини калтаклагани ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги "оёққа турди". Чилонзор туманидаги 188-мактабда 6-синф ўқувчиси рус тили фани дарсида ўқитувчига гап қайтарган ва тортишиб қолганди. Ўзбекистонда бўлган бу ҳолатга бир кун ҳам ўтмай, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ўзининг аччиқ баёноти билан чиқди. У ўқитувчининг ўқувчисини рус тили дарсида уришини “рус тилига нисбатан адоват” сифатида қабул қилган ва бу бўйича Ўзбекистон ҳукуматидан изоҳ талаб қилган.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам 2025 йилнинг 23 апрелида Самарқандга келиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлганди. “Унинг бу ҳаракатини мантиқсизлик сифатида баҳолаш мумкин. Ҳар ҳолда мустақил давлатимизда нима қандай ёзилишини биз ўзимиз ҳал қиламиз” мазмунида жавоб қайтарганлар кўп бўлди.
ЖИМ БЎЛИШГА НЕГА МАЖБУРМИЗ?
Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан зўравонликлар бўлса ҳам, биздаги ишларга амалдорлари "бурун суқиш”са ҳам нега кескин жавоблар қайтарилмайди деган савол кўпчиликни ўйлантириши мумкин. Тўғри, онда-сонда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров, баъзида эса Миллий Медиа Бирлашмаси раиси Шерзодхон Қудратхўжа каби фаоллар ўзларининг жавоби билан эътиборга тушишади. Бироқ, расмий даражада, ҳудди Заҳарова биздан изоҳ талаб қилганидек вазият юзасидан тушунтириш сўралганига гувоҳ бўлмаймиз.
Эҳтимол бунинг сабаби Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 2025 йил октябрь ойида берган маълумотлари билан боғлиқдир. Унга кўра, бугунги кунда 1,3 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик расман Россияда меҳнат мигранти мақомини олган. Бироқ, норасмий маълумотларда Ўзбекистоннинг рўзғор дардида хорижга чиқиб кетган фуқаролари 3 миллиондан ортиқлиги, Россияда эса 2 миллиондан кўп ўзбекистонлик ишлаётгани айтилади. Ташқи ишлар вазирлигининг 2025 июнь ойида берган маълумотида эса Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 1 миллиондан камроқ. Рақамлар турлича, бироқ, мазмун ва моҳият ўзгармайди. Яъни ҳар бир гап ўзбек муҳожирларининг қисматини ҳам ҳисобга олиб айтилиши, ҳаракатлар эса шунга қараб бажарилиши керак!
РОССИЯДА МАРКАЗИЙ ОСИЁЛИК МИГРАНТЛАР ҚАНЧА?
РОССТАТнинг 2024-2025 йиллардаги маълумотларидан келиб чиқиб айни пайтда Россияда 4-4.5 млн орасида Марказий Осиёлик мигрант мавжудлигини айтиш мумкин.
Бунда Ўзбекистонликлар улуши энг катта қисмни ташкил этади. 1,8 дан – 2,1 млн гача. Тожикистонлик мигрантлар 1,1дан – 1,3 млн гача, Қирғизистондан келганлар 700 минггача, Қозоғистонликлар 400 минггача ва Туркманистонлик ишчилар 100 минг нафаргача деб ҳисобланган
Рақамлар ўз-ўзидан давлатларнинг бир-бирига боғланиш ва ўзаро эҳтиёж даражасини ҳам очиқлайди. Марказий Осиё давлатлари фуқароларига иш, Россияга эса ишчи кучи керак! Ҳар ҳолда ўз фуқаролари бажармайдиган оғир ва хавфли турдаги ишларнинг асосий қисмини меҳнат муҳожирлари “ёпиб беради”.
Бироқ, сўнгги йилларда Россия сиёсати мигрантларга нисбатан кескинлашди. Турли рейд баҳоналари билан муҳожирлар қўлга олиниб, терговга арзимас сабаблар билан олиб кетиладиган, ҳатто Украинага қарши урушга жалб қилинадиган бўлди. Қийноққа солиш, ишлаётган, чўмилаётган ёки ухлаётган жойидан ашаддий жиноятчилар, мафия тўдасини қўлга олингандек қўллари қайрилиб, ерга ётқизилиб, тепкиланиб олиб кетила бошланди. Ҳатто, махсус рухсатнома асосида ташкил қилинган концертгача ниқобли аскарлар бостириб кирди. Шундай ишлардан бирида эса Ўзбекистонлик ҳамюртимиз ОМОН гуруҳи қўлидан омон чиқмади.
Расмийлари, вазирликлари ва бир қатор машҳурлари томонидан қилинаётган бундай муносабат табиий равишда халқ вакиллари ичига ҳам кўчди. Айрим Россия расмийлари ва халқининг аксар қисмида ҳалигача Марказий Осиё уларга қарам экани, охири “истон” билан тугайдиган давлатларнинг фуқаролари эса уларга хизмат қилиши кераклиги ғояси сақланиб қолаётгандек. Ҳар ҳолда ўзбекистонлик такси ҳайдовчисига “сен менинг қулимсан” деган рус эркагини, мактабида ўзидан кичик тожик болакайни ўлдирган ваҳший Тимофейни ҳали эсимиздан чиқармадик, унутолмасак ҳам керак. Ачинарлиси, бу вазиятлар оммага чиқиб кетган ҳодисалар холос. Биз билмаган не-не шаҳар бурчакларида қайси бир ватандош ё қондошларимиз қийналяпти, билмаймиз.
10 ёшли Қобилжонга қилинган шафқатсизлик аслида у давлатда мигрантларга нисбатан бўлаётган расмий муносабатнинг халқ орасидаги ифодаси дейиш мумкин. Қобилжонни бир киши ўлдирмади. Пичоқни битта шахс урган бўлиши мумкин, аммо унинг дастагида кўпчиликнинг изи бор. Сабаблар юқорида саналди. 10 ёшли боланинг баданига урилган пичоқ зарблари сони рус ўлкасида тарқалган нацизм даражасини кўрсатар эҳтимол. Вазирлари, расмийлари, ОАВлари тинимсиз ўзини улуғлаб, бошқаларни ўзига қарам эканини таъкидлайверадиган давлатда вазият бошқача бўлиши ҳам қийин.
РАСМИЙ ЖАВОБ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?
Энг бошига қайтамиз. Бугун бизнинг минтақани “ўзининг Осиёси” эканини айтаётган, биз ва қўшниларимиз уларнинг “таъсир доирасидалиги”ни баралла билдираётганларга муносиб жавоб бўлиши керак. Тарихдан маълумки, бизнинг аждодларимиз зирҳли совутлар, отлиқ қўшинлар билан дунёнинг катта қисмини эгаллаётган, ўз илми, билими билан зиё тарқатаётган даврларда Россия ҳудудида чўчқабоқарлик фуқароларнинг асосий машғулоти бўлган. Давлатнинг иқтисодий аҳволи ҳам шу чорвачиллик билан боғлиқ эди. Умид қиламизки, ҳамюртимиз сўроқ пайтида ўлдирилганида расмий нота юбормаган Ташқи ишлар вазирлигимиз бу гал муносиб тарзда, кескин жавоб беради.
Нурзодбек Воҳидов
Live
Барчаси