Россия ракетаси Эрон сунъий йўлдошларини космосга учирди

Технология

image

Кеча, 28 декабрь куни Россия Эроннинг учта сунъий йўлдошини космосга учирди. Эроннинг Косар, Пая ва Зафар-2 сунъий йўлдошларини олиб кетаётган Россиянинг “Союз” ракетаси Россиянинг Узоқ Шарқидаги “Восточний” космодромидан кўтарилиб, тахминан 500 километр баландликдаги Ер орбитасига чиқди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Келтирилишича, учирилган сунъий йўлдошлар қишлоқ хўжалиги учун экологик маълумотларни тўплаш ва табиий офатларни кузатиш учун мўлжалланган. Эрон илгари космосга бир нечта сунъий йўлдошларни учирганди. Мамлакат дастур фақат тинчлик мақсадларида эканлигини ва ҳарбий мақсадларда ишлатилмаслигини билдирмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бу ҳаракатларни “соф илмий миссия” деб атади. 

“Эрон шунчаки ўз технологиясини ривожлантиряпти ва сунъий йўлдошларни учириш бу жараённинг бир қисмидир”, деди у. 

Шунингдек, Россия нафақат Эрон балки Беларусь ва Эквадорга тегишли сунъий йўлдошларни ҳам орбитага олиб чиқган. Ракета Москва вақти билан 16:18 да учирилган. Бундан ташқари яна 50 та таълимга мўлжалланган суъний йўлдошларни ҳам фазога юборган.

Маълумот ўрнида, Исроил ва Ғарб мамлакатлари, жумладан, Қўшма Штатлар, Эроннинг сунъий йўлдош дастурини танқид қилмоқда, чунки Теҳрон космик технологиялардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиши мумкинлигидан хавотирда. Танқидчилар илмий дастурда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси иштирок этганига ишора қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон илк бор ўзининг сунъий йўлдоши ва фазогирини космосга учириши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон сунъий йўлдош ракета Союз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг