Россияда қанча мигрант рус тили имтиҳонидан ўтолмагани очиқланди
Олам
−
27 Октябрь 5389 2 дақиқа
Россияда жорий йилнинг учинчи чорагида (июль, август, сентябрь) хорижий фуқароларнинг рус тили бўйича имтиҳон топширишда 35 фоиздан ортиғи биринчи уринишдаёқ имтиҳондан ўта олмади. Бу ҳақда Россия Таълим ва фан вазирлигига таяниб, РИА Новости хабар берди.
Маълум қилинишича, рус тили чет тили сифатида, Россия тарихи ва Россия Федерацияси қонунчилиги асослари бўйича, Россияда меҳнат қилиш учун рухсатнома ёки патент олиш даражасига мос келувчи имтиҳонни жами 275 минг 609 киши топширган. Улардан 86,9 фоизи имтиҳонни муваффақиятли якунлаган, бироқ биринчи уринишда имтиҳондан ўтолмаганлар улуши 35,1 фоизни ташкил этган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, имтиҳон топшириш имконияти Россиянинг барча ҳудудларида ҳамда Россиядан ташқарида, жумладан, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларидаги жами 203 та пунктда йўлга қўйилган. Уларнинг орасида 88 та Россия университети мавжуд бўлиб, шундан 82 таси вазирликка бўйсунади.
Маълумот учун, Россияда ушбу имтиҳонлар уч даражада ўтказилади:
- Биринчи даража – Россия ҳудудида иш фаолияти учун патент ёки рухсатнома олиш;
- иккинчи даража – вақтинчалик яшаш рухсатномасини олиш;
- учинчи даража – доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олиш учун. Ҳар бир имтиҳон уч блокдан иборат бўлади: биринчи блок фақат рус тили бўйича тестдан иборат бўлса, иккинчи ва учинчи блокларда Россия тарихи ҳамда қонунчилик асослари бўйича билимлар текширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Москва полицияси ташаббуси билан Россиядан 450 дан ортиқ ноқонуний мигрант депортация қилингани ҳақида хабар берилганди.