Россияда мигрантларнинг пул ўтказмасига чеклов қўйилиши мумкин
Олам
−
16 Июль 2025 15905 2 дақиқа
Россия Давлат Думаси депутатлари мигрантларнинг хорижга юборадиган пул маблағларига чеклов қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
Маълум қилинишича, “Новые люди” партияси вакиллари Марказий банк раҳбарига мурожаат қилиб, мигрантларнинг чет элга юбораётган пул миқдорини расмий маошдан оширмасликни таклиф қилган.
Ушбу таклифга кўра, агар мигрант ўз расмий даромадидан ортиқча миқдорда пул жўнатмоқчи бўлса, у даромадларини тасдиқловчи молиявий декларацияни тақдим этиши лозим бўлади. Ҳозирги кунда амалдаги қонунчиликда бундай чекловлар мавжуд эмас ва пул ўтказмалари устидан назорат қилинмайди.
Ташаббус муаллифларининг фикрича, айни вақтдаги ҳуқуқий бўшлиқ ноқонуний даромадларни легаллаштиришга, солиқлардан бўйин товлашга ва маблағларни яширинча хорижга чиқаришга шароит яратмоқда.
Шунингдек, партия вакиллари Россияга жигар сарғайиши (гепатит) ёки ОИВ/ОИТС вируси билан касалланган мигрантларни киритмаслик ғоясини ҳам илгари сурмоқда.
Қайд этиш жоиз, ушбу ташаббуслар фонида Россияда мигрантлар устидан назоратни кучайтириш ва уларнинг иқтисодий фаолиятини янада очиқ қилиш тенденцияси давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думасида бу ҳафта мигрантлар учун янги давлат божлари жорий этишга оид қонун лойиҳалари кўриб чиқилиши хабар қилинганди. Янги тартибга кўра, чет эллик фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар патент олиш ёки уни қайта расмийлаштириш учун 4200 рубль, меҳнат рухсатномасини узайтириш учун яна 4200 рубль, патент ёки рухсатнома нусхасини олиш ва унга ўзгартириш киритиш учун эса 2100 рубль бож тўлаши таклиф қилинмоқда.
Live
Барчаси