Россияда ОМОН мигрантлар ухлаб ётган ётоқхонага бостириб кирди (видео)
Олам
−
30 Сентябрь 29023 2 дақиқа
Москванинг жануби-шарқидаги ётоқхоналарда ўтказилган рейд чоғида 70 дан ортиқ мигрант қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Миллий гвардияси хабар берди.
Операция Тергов қўмитаси, ФХХ ва Россия Ички ишлар вазирлигига ёрдам берган Россия Миллий гвардияси Москвадаги Бош бошқармасининг “Авангард” ОМОН ва “Қилич” ОМОН транспорт ходимлари иштирокида ўтказилди.
Шкулева кўчасидаги ётоқхоналарни текшириш чоғида хавфсизлик кучлари 1000 дан ортиқ хорижий фуқарони текширган. Рейдда “иммиграция қоидалари ва ҳарбий рўйхатга олиш талабларини бузган” 72 нафар шахс аниқланган.
Қўлга олинганлар қўшимча тергов ўтказиш учун полиция бўлимларига олиб кетилган. Ушланган мигрантлар орасида Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистондан борган фуқаролар мавжудлиги ҳақида маълумотлар берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Красноярск ўлкаси Емельяновский туманида ОМОН ходимлари “Корона” банкет залида уюштирилган ўзбекистонлик хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг концертига бостириб кириб, мигрантларни тинтув қилгани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу концерт жорий йилнинг 22 сентябрь куни ўтказилган. Текширув давомида Ўзбекистоннинг 8 фуқароси Россияда бўлиш қоидаларини бузгани аниқланган. Ушланган ўзбекистонликларнинг 4 нафарига нисбатан маъмурий жарима ва маъмурий чиқариб юбориш чоралари қўлланган, қолган 4 нафари эса Красноярск ўлкасидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Мазкур фуқаролар ушбу бинода ўзбек эстрада хонандаси Жалолиддин Аҳмадалиев концерт бергани учун борган. Концерт Россиянинг тегишли ташкилот ва идоралари билан белгиланган тартибда келишилмаган бўлиб, айнан шу ҳолат мазкур воқеага сабаб бўлган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Новосибирск шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Бош консулхонаси тезкор тарзда ушбу фуқароларга зарурий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўраётганини маълум қилганди.
Бош консулхонага кўра, илгари Новосибирск шаҳрида ўтказилган худди шундай концерт шаҳар расмий ҳокимияти билан олдиндан келишилган, тўла залда ўтган ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шу билан бирга, Красноярск ўлкасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган бундай рейдлар ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва маданий ҳордиқ чиқаришга тўсқинлик қилмаслиги лозим. Мазкур Россия минтақаси куч тузилмалари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча зарур ҳужжатлар Красноярск ўлкасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилган. Ўзбекистон Миграция агентлиги эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида лицензияга эга адвокат воқеа жойига юборилганини маълум қилганди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов бундай ҳолатларда ОМОН каби махсус кучларни жалб қилиш мутлақо ортиқча эканини айтганди.
Live
Барчаси