Россияда ҳибсга олинган амалдорлар рекорд даражада кўпайди
Олам
−
16 Октябрь 5532 2 дақиқа
Жорий йилда Россияда юқори лавозимли амалдорларга қарши жиноий ишлар сони мисли кўрилмаган даражада ошди. Бу ҳақда “Новая Газета Эвропа” нашри хабар берди.
Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан буён 155 нафар мансабдор шахс ҳибсга олинган. Бу кўрсаткич 2024 йилги рақамдан (122 киши) ҳам ошган. Солиштириш учун, 2023 йилда 73, 2022 йилда эса атиги 33 амалдор ҳибсга олинган.
Айниқса, жорий йилнинг августидан октябрь ўрталаригача бўлган муддат энг фаол бўлиб, бу даврда 50 дан ортиқ юқори лавозимли амалдор ва депутатлар қўлга олинган. Улар орасида тўртта вице-губернатор ва саккиз нафар вазир бор. Ҳибсга олинганлар ичида Свердловск вилоятининг собиқ вице-губернатори Олег Чемезов ҳамда Краснодар ўлкасининг собиқ вице-губернатори Александр Власов бор. Улар ҳибсга олиниши олдидан лавозимларини тарк этган.
Шунингдек, ҳибсга олинганлар рўйхатида Доғистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Татяна Беляева, Владимир шаҳри мэри Дмитрий Наумов, Россия Гвардияси Шимолий Осетия бошқармаси раҳбари Валерий Голота ва Архангельск вилоятининг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Александр Герштанский бор.
Баъзи жиноий ишлар ҳарбий мавзуга боғлиқ. Масалан, Курск вилояти вице-губернатори вазифасини бажарувчи Владимир Базаров Украина билан чегарада мудофаа иншоотлари қурилиши вақтида маблағларни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Мудофаа вазирлигининг ҳарбий ваколатхонаси бошлиғи Андрей Тюрин эса 40 миллион рубль зарар етказган мудофаа буюртмасининг бажарилмай қолишида айбланмоқда. Краснодар ўлкасининг собиқ вице-губернатори Александр Власов эса Украинадаги босқин иштирокчиларига мўлжалланган гуманитар ёрдамни ўғирлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.
Ҳибслар сони тобора ортиб бормоқда: йилнинг биринчи ярмида ойига ўртача 14 та жиноий иш қўзғатилган бўлса, иккинчи ярмида бу кўрсаткич 20 тага етган. Энг кўп ҳибсга олинганлар орасида куч тузилмаларига мансуб шахслар (32%) етакчилик қилади. Кейинги ўринларда қурилиш ва коммунал хўжалик соҳасидаги амалдорлар (21%), транспорт соҳаси вакиллари (14%), иқтисодиёт (8%) ҳамда табиат ресурслари ва қишлоқ хўжалиги соҳаси (7%) вакиллари туради.
Берлин Карнеги маркази илмий ходими Татьяна Становаянинг айтишича, “қанчалик содиқ ёки ишончли бўлмасин, бу энди ҳибсдан ҳимоя қилмайди, чунки тизимда содиқ бўлмаган одамлар аллақачон қолмаган.”
“Статистикага камида минтақавий вазирликлар раҳбарларининг ўринбосарлари, сенаторлар, федерал ва минтақавий даражадаги депутатлар, шунингдек, вилоят марказлари мерлари киритилган. Маълумотлар очиқ манбалардан тўпланган, давлат корхоналари раҳбарлари бу ҳисоб-китобга киритилмаган”, дейилади хабарда.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь