Россияликлар ЕИ мамлакатларидан оммавий “қувилмоқда”
Олам
−
25 Март 6872 2 дақиқа
Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларидан россияликларни оммавий равишда чиқариб юбориш бошланди. 2025 йилда иттифоққа аъзо давлатлар Россия Федерацияси фуқароларига ўз ҳудудини тарк этиш тўғрисида 10 415 та кўрсатма берган. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри эътибор қаратган Евростат маълумотларида сўз боради.
Ушбу кўрсаткич охирги беш йиллик тўлиқ статистикадаги рекорд натижа бўлган. Таққослаш учун, урушдан олдинги 2021 йилда бундай кўрсатмалар сони 5245 тани ташкил этган. 2022 йилда, Россия Украинадаги уруш ва сафарбарлик фонида 1990 йиллардан бери энг йирик эмиграция тўлқинини бошидан кечирган бир пайтда, кўрсатмалар сони 5615 тага етган. Бироқ 2023 йилга келиб, у 7325 тага, 2024 йилда эса 7535 тага етган.
2025 йилда энг кўп кўрсатмани Германия берган — 3 030 та (22,2 фоизлик ўсиш). Ушбу мамлакат охирги икки йил давомида ҳам бу борада етакчи бўлиб келаётган эди. Россияликларни чиқариб юбориш бўйича иккинчи ўринга Литва кўтарилган — 1 795 та кўрсатма (рекорд даражадаги 190 фоизлик ўсиш). Учинчи ўринда Франция қайд этилган, у Россия фуқароларини чиқариб юборишни 3,4 фоизга камайтириб, 1 130 та кўрсатма берган. 2025 йилда ЕИнинг фақат икки давлати — Словакия ва Мальта россияликларни мамлакатдан чиқармаган. 2024 йилда улардан ташқари Португалия ва Руминия ҳам россияликлардан ўз ҳудудини тарк этишни талаб қилмаган.
Евростат ҳужжатларида қайд этилишича, ЕИни тарк этиш тўғрисидаги кўрсатмалар иттифоқ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган фуқароларга берилади. Бу тоифага ЕИга ноқонуний кирганлар ёки “қонуний кириб, кейинчалик мамлакатда ноқонуний асосларда қолиб кетганлар” киради.
Бундан аввал ЕИ Россия фуқароларига нисбатан виза сиёсатини кучайтирган. Оқибатда Россия Туроператорлари ассоциацияси (АТОР) маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида россияликларга 2025 йилнинг шу даврига нисбатан камида 90 фоизга камроқ кўп марталик (мультивиза) визалар берилган. Шу билан бирга, ўтган йили россияликларга берилган мультивизаларнинг умумий сони 50–99 мингта деб баҳоланган, бу эса маъқулланган барча Шенген визаларининг 18 фоизини ташкил этган.