Садир Жапаров ўлим жазоси тақдирини ким ҳал қилишини айтди
Олам
−
06 Октябрь 8293 3 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда ўлим жазосини қайта тиклаш ташаббусига фақат халқ ҳақли эканини айтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Аскат Алагозов ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Мунозарага жорий йилнинг сентябрь ойи охирида алоҳида шафқатсизлик билан ўлдирилган 17 ёшли Ойсулув Мукашеванинг фожиали ўлими сабаб бўлган. Жамоатчилик аёллар ва болаларга қарши жиноятлар учун жазони кучайтиришни талаб қилди.
Президент терговни шахсан ўзи назоратга олганини ва ўз маъмуриятига жазоларни кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқишни топширганини айтди. Садир Жапаров вояга етмаганлар ва аёлларни ўлдириш, зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётгани, “стандарт” қамоқ жазоси жиноятчиларга энди тўсқинлик қилмаётганини таъкидлади.
Шунингдек, у коррупция жиноятлари ўлим билан жазоланиши мумкин эмаслигини таъкидлади. У ўлим жазоси фақат шафқатсиз қотилликлар ва педофиллик учун бўлишини айтди.
Одил судловнинг нотўғри бўлиши хавфи ҳақидаги жамоатчилик хавотирларига жавоб берар экан, давлат раҳбари ХХI аср тергов ва суд жараёнларини шаффоф ўтказиш, жумладан, видеоёзув ва онлайн трансляциялар учун технологик имкониятларни тақдим этишини таъкидлади.
“Биз бу масалани ёлғиз ҳал қилмаймиз. Халқ билан маслаҳатлашамиз. Бу масала умумхалқ референдумига қўйилиши мумкин. Агар кўпчилик буни қўллаб-қувватласа, Конституция ва қонунларга ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, халқаро мажбуриятларни қайта кўриб чиқиш зарур бўлади”, деди Садир Жапаров.
Президент аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб қолаётганини, бундай долзарб масала бўйича қарор фақат халқ томонидан қабул қилиниши кераклигини қўшимча қилди.
Маълумот учун, мазкур қотиллик жорий йилнинг 27 сентябрь куни содир бўлган. Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Етти-Ўғуз тумани Барскаун қишлоғида яшовчи 17 ёшли Ойсулув исмли қиз зўрланди, кейин ўлдириб кетилди.
Маълум қилинишича, у тушдан кейин уйидан чиқиб, дугонасининг олдига, Қоракўл шаҳрига кетган. Йўлда унга Honda Stream машинаси тўхтаган, рулда эса илгари бир неча марта судланган 1984 йилда туғилган эркак бўлган.
Ойсулув дугонасининг олдига етиб бормаган: эркак уни олма боғига олиб бориб зўрлаган, сўнгра бошқа жойга олиб чиқиб бўғиб ўлдирган. У қизнинг жасадини Кемин туманига ташлаб кетган ва Бишкекка қочиб, телефонини ҳам атайлаб йўқотган.
Тахминан соат 19:30 да Ойсулувнинг қариндошлари полицияга мурожаат қилган, аммо у пайтга келиб қиз аллақачон ўлдирилиб кетилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумонланувчини қисқа вақт ичида қўлга олган.
Ойсулув 30 сентябрь куни ўз қишлоғида дафн этилди.
Полиция маълумотларига кўра, қизни 41 ёшли Бишкек шаҳрида яшовчи эркак зўрлаган ва кейинчалик қилган қабиҳ иши фош бўлмаслиги учун ўлдирган. Гумонланувчи ҳибсга олинган ва зарур экспертизалар тайинланган.
Қизнинг қариндошларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 3 кун ўтмагунча ариза қабул қила олмаслигини айтган.
ИИВ хизмат текшируви ўтказиб, бу маълумотлар ёлғон эканини аниқлаган.
Қирғизистонда қотиллик ва зўрлаш билан боғлиқ жиноят статистикаси
- 2021 йилда 39 та қотиллик қайд этилган бўлиб, улардан 2 нафари 14 ёшгача бўлган болалар, 1 нафари ўсмирлар ва 36 нафари аёллар қурбон бўлган;
- 2022 йилда – 43 та қотиллик (1 бола, 1 ўсмир, 41 аёл);
- 2023 йилда – 25 та қотиллик (2 бола, 2 ўсмир, 21 аёл);
- 2024 йилда – 43 та қотиллик (5 бола, 4 ўсмир, 34 аёл);
- 2025 йилнинг 8 ойида 28 та қотиллик (3 бола, 4 ўсмир, 21 аёл) содир этилган.
Зўрлаш кўрсаткичлари:
- 2021 йил – 80 та ҳолат (шу жумладан 21 бола ва 47 ўсмир);
- 2022 йил – 70 та ҳолат;
- 2023 йил – 175 ҳолат (44 бола, 116 ўсмир, 15 аёл);
- 2024 йил – 107 та ҳолат;
- 2025 йилнинг 8 ойи учун – 81 та ҳолат.
Live
Барчаси