Самарқандда шифокорларнинг хатоси ортидан суннат қилинган икки бола вафот этди (видео)
3-саҳифа
−
07 Май 9186 2 дақиқа
Самарқанд вилоятининг Иштихон туман тиббиёт бирлашмасида суннат қилинган икки бола вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа шу йилнинг 22 март куни Иштихон туманидаги тиббиёт бирлашмасида содир бўлган. 2021 йилда туғилган бола туман тиббиёт бирлашмасида 22 март куни суннат (циркумцизия) қилинган, бироқ жарроҳлик амалиёти тўлақонли ўтказилмагани сабабли болакай 27 март куни тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Унинг отаси айбдорларга нисбатан жазо қўллашни талаб қилган.
Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан 3 апрель куни “Йўғонтепа” маҳалласида яшовчи 2024 йилда туғилган вояга етмаган яна бир бола суннат (циркумцизия) қилинган.
Бироқ, у ҳам жароҳати битмасдан 8 апрель куни тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида болаларнинг вафот этгани ҳолатлари юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ва бошқаларнинг қилмишига юзлаштириш, эксгумация қилиш (мурдани кўздан кечириш ва экспертиза ўтказиш мақсадида уни қабрдан чиқариб олиш) ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказган ҳолда баҳо бериш лозимлигини инобатга олиб, 2 май куни Иштихон туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Хабарда қўшимча қилинишича, ҳозирда жиноят иши бўйича Иштихон туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда ва натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг август ойида хусусий клиникада 9 ёшли бола бурун соҳасидаги жарроҳлик амалиётидан кейин вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси