Саудия ва БАА Трампдан урушни давом эттиришни сўради – ОАВ
Олам
−
25 Март 4398 3 дақиқа
Форс кўрфазидаги араб давлатлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Эрон билан урушни тугатиш бўйича келишув тузиш ниятидан хавотирда. Улар бундай келишув оқибатида минтақада ғазабнок ва ҳамон қудратли рақиб билан юзма-юз қолишдан қўрқмоқда ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.
Қайд этилишича, бу орада Туркия Яқин Шарқ мамлакатларини урушни тезроқ тугатиш зарурлигига ишонтиришга уриниб, фаол дипломатик саъй-ҳаракатларни бошлаган. Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари етакчилари эса Трампни Эрон қўшниларига хавф туғдирмайдиган даражада заифлашгунча урушни давом эттиришга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Газета манбаларига кўра, Ар-Риёд АҚШ томонидан Эронга топширилган 15 банддан иборат Трамп режасидан қониқиш ҳосил қилмаган. Ушбу режа Эрон АҚШ билан келишмовчиликка сабаб бўлаётган барча асосий масалалар бўйича ён босиши эвазига низони ҳал қилиш ва санкцияларни тўлиқ бекор қилишни кўзда тутади.
Саудия Арабистони ва БАА ҳозирги босқичда келишув тузилиши Эронга Форс кўрфазидан энергия ресурслари экспортини узоқ вақт давомида назорат қилиш имконини бериши ва бошқа давлатлар хавфсизлигини хавф остига қўйишидан хавотирда. Ҳозирда Эрон амалда жаҳон бозорига кунига қарийб 20 миллион баррель нефть ва нефть маҳсулотлари чиқариладиган, шунингдек, дунёдаги суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспортининг 20 фоизидан ортиғи ўтадиган Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйган. Теҳрон ушбу муҳим артерия устидан назоратни урушдан кейин ҳам сақлаб қолмоқчи.
Эрон кемаларнинг бўғоз орқали ўтиши учун ҳақ олишни бошлади ва бу ҳақда Халқаро денгиз ташкилотига мактуб йўллади. Унда айтилишича, Эронга нисбатан душманлик кайфиятида бўлмаган мамлакатлар кемалари “агар Эронга қарши тажовузкор ҳаракатларда қатнашмаса, уларни қўллаб-қувватламаса ҳамда эълон қилинган хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилса, Эроннинг тегишли органлари билан келишилган ҳолда Ҳормуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин”.
АҚШ ва Эрон бир-бирига нисбатан максимал даражадаги талабларни илгари сурди. Хусусан, Трамп режаси қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Эрон ядро объектларини демонтаж қилиш;
- Уранни бойитишдан тўлиқ воз кечиш;
- Ракета дастурларига чекловлар қўйиш;
- Ҳормуз бўғози орқали эркин ва хавфсиз ўтиш кафолатлари;
- Эрон томонидан минтақадаги жангариларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш.
WSJ нашрининг ҳужжат билан таниш манбаларга таяниб ёзишича, Эрон бунга жавобан АҚШга қуйидаги талабларни юборган:
- Санкцияларни тўлиқ бекор қилиш;
- Уруш учун репарация (товон) тўлаш;
- Ҳормуз бўғозидан ўтадиган кемалар учун ҳақ жорий этиш (Миср Сувайш каналида оладиган йиғимлар каби);
- Минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларини ёпиш;
- Эронга ракета дастурини чекловларсиз давом эттиришга рухсат бериш;
- Уруш қайта бошланмаслиги бўйича кафолатлар;
- Исроилнинг Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланувчи Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига зарбаларини тўхтатиш.
Трамп нафақат оммавий равишда, балки шахсий суҳбатларда ҳам ҳарбий ҳаракатларни дипломатик йўл билан тўхтатишга тайёрлигини билдира бошлаган. “Bloomberg” хабарига кўра, Туркия ҳам тезроқ келишувга эришиш учун саъй-ҳаракатларни бошлаган.
Нашр манбаларига кўра, Анқара Форс кўрфази давлатларини вазминликка ва АҚШ ҳамда Исроилнинг ҳарбий кампаниясига қўшилмасликка чақирган. Саудия Арабистони ва БАА агар Эрон уларнинг электр ва сув таъминоти объектларини ўққа тута бошласа, бундай имкониятни кўриб чиқмоқда.
Live
Барчаси