Эрон баъзи кемаларга Ҳормуз орқали ўтишга рухсат берди
Олам
−
10:24 2984 2 дақиқа
Эрон Теҳрон орқали Халқаро денгиз ташкилотига аъзо давлатларга мактуб юбориб, “душман бўлмаган кемалар” Ҳормуз бўғози орқали Эрон расмийлари билан келишилган ҳолда ўтиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Мактубда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрон “агрессорлар ва уларнинг иттифоқчилари бўғоздан Эронга қарши операцияларда фойдаланмаслиги учун зарур ва мутаносиб чоралар кўрганини” билдирган.
Эрон расмийлари аввал ҳам бу денгиз йўли фақат “душман кемалар” учун ёпилганини таъкидлаб келган. Эроннинг халқаро денгиз ташкилотидаги вакили Али Мусавийнинг айтишича, кемалар хавфсизлик чораларини Теҳрон билан келишган ҳолда бемалол ўтиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Эрон денгиз хавфсизлигини таъминлаш ва Форс кўрфазидаги денгизчиларни ҳимоя қилиш учун халқаро ҳамкорликка тайёр.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг, Эрон Ҳормуз бўғозида савдони тўхтатганини эълон қилган эди. Бу бўғоз орқали дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ва суюлтирилган газнинг 30 фоиздан ортиғи ўтади, шунинг учун унинг ёпилиши энергия нархларининг кескин ошишига олиб келган.
Трамп музокараларда келишувга эришилса, бўғоз “тез орада очилиши” мумкинлигини айтган. У ҳатто бўғоз “қўшма назорат остида бўлиши мумкин”лигини ҳам билдирган.
Бироқ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бу баёнотларни “психологик уруш” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, Трамп аввал Эронни 48 соат ичида бўғозни очишга чақириб, акс ҳолда электр станцияларини йўқ қилиш билан таҳдид қилган эди. Теҳрон эса бунга жавобан, агар АҚШ Эрон энергетикасига зарба берса, Ҳормуз бўғозини тўлиқ ёпишини билдирган.
Live
Барчаси