Шавкат Мирзиёев БАА билан бирдам ва якдил эканини билдирди
Жамият
−
17:06 697 1 дақиқа
Бугун, 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасидаги вазият тобора кескинлашиб, низо ва зиддиятлар авж олаётгани қаттиқ ташвишга солаётганини қайд этган.
Билдирилишича, мулоқотда муқаддас Рамазон ойида рўй бераётган бундай нохуш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ҳамда тинчлик-осойишталикка таҳдид солаётган ҳар қандай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги таъкидланган.
Давлат раҳбари ушбу мураккаб дамларда Ўзбекистоннинг стратегик шериги ва яқин ҳамкори бўлган Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва якдил эканини билдирган.
Шавкат Мирзиёев ҳозирда ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий кўмак, уларни ватанига қайтариш бўйича олиб борилаётган чоралар учун алоҳида ташаккур изҳор этган.
Ўз навбатида Амирликлар етакчиси ушбу синовли дамларда Ўзбекистон Президентининг самимий қўллаб-қувватлагани, кўрсатаётган биродарлик ҳурмати ва ҳамжиҳатлик руҳи учун чуқур миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Бирлашган Араб Амирликлари халқига ҳамдардлик билдирган эди.