Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
01 Март 23649 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Бирлашган Араб Амирликлари халқига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Саидовга кўра, у Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали самарали мулоқот ўтказган ва Яқин Шарқдаги вазиятни атрофлича муҳокама қилган.
“Бирлашган Араб Амирликлари билан бирдамлигимизни билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларининг самимий ҳамдардлигини етказдик”, дейди Саидов.
Шунингдек, мулоқот давомида давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилган ҳолда барча масалаларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланган.
Қайд этиш жоиз, кеча, 28 февраль куни Эрон ҳужуми оқибатида Дубайнинг “Палм-Жумайра” меҳмонхонаси ҳудудида ёнғин бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Дубай шаҳри аэропортига Эрон дронлари ҳужуми оқибатида тўрт киши жароҳат олди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги вазият туфайли Қатар ва Қувайт халқига ҳамдардлик билдирган ҳамда Уммон султонлигини қўллаб-қувватлаган эди.
Live
Барчаси