Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди
Жамият
−
13:44 4954 1 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 30 январь куни Тошкент шаҳрида Биринчи Президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хотирлаш маросимида Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланиши, давлатчилик асосларининг барпо этилишида Биринчи Президент Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёс экани чуқур ҳурмат ва эътироф билан ёдга олиниши таъкидланган.
Маросим давомида Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилган. Биринчи Президентнинг ватан манфаатлари йўлидаги фаолияти, инсоний фазилатлари ёдга олинган.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб ўтган маросимда Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган.
Шунингдек, Биринчи Президентнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилиб, хотирасига эҳтиром кўрсатилган.
Маълумот учун, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва эътибори билан Биринчи Президентнинг хотираси абадийлаштирилган, Самарқандда унинг мақбараси барпо этилган. Ислом Каримов таваллуд топган 30 январь санасини нишонлаш анъанага айланган.